Президент — битирувчиларга: «Халқ сизлардан эзгу ишлар ва ёрқин натижалар кутади»

Президент — битирувчиларга: «Халқ сизлардан эзгу ишлар ва ёрқин натижалар кутади»

Президент Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларини ўқишни тугатиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгани билан табриклади. 24 май куни 10 мингдан ортиқ мактабда 450 мингдан ортиқ битирувчи учун «сўнгги қўнғироқ» чалинади.

У «катта орзу-умидлар билан келажак режаларини тузаётган ўғил-қизларимизга уларни амалга оширишда улкан куч-ғайрат, омад ва зафарлар» тилади.

Президент мактабни 11,500 дан ортиқ битирувчи олтин, 2000 нафардан ортиқ битирувчи кумуш медал билан тамомлаётганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ёшлар мамлакатда яратилаётган улкан имкониятлардан тўлақонли фойдаланиши, ёшликнинг ҳар бир дақиқасини қадрлаши, Ватан мустақиллиги ва манфаатларини барча жабҳаларда дадил ва қатъий ҳимоя қиладиган чинакам касб эгалари, ўз юрти, халқи учун фидойи, олижаноб инсонлар бўлиб етишишига ишонч билдирди.

«Шуни асло унутманг, одамзот ҳаётда муносиб ўрин топиши, эл-юртнинг ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлиши учун миллий ва умуминсоний қадриятларни эгаллаб, доимо олдинга интилиб яшаши, изланиш ва ўрганишдан асло тўхтамаслиги керак», — деди давлат раҳбари.

«Ҳалол ва машаққатли меҳнат, илмга, касбга, ота-она ва оилага садоқат, ҳеч шубҳасиз, инсонни юксалтиради, унинг ҳаётини файзли ва чароғон этади», — деди у.

«Аминман, сизларнинг янги ғоя ва ташаббусларингиз, турли соҳалардаги ютуқларингиз Янги Ўзбекистонни янада қудратли этадиган моддий ва маънавий асосларни барпо этишга беқиёс ҳисса бўлиб қўшилади. Сизлардек ўз кучига ишонган, қатъиятли ёшлардан қадрдон мактабингиз, азиз устозларингиз ва ота-оналарингиз, бутун халқимиз фақат эзгу ишлар ва ёрқин натижалар кутади», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ана шундай юксак ишончга доимо муносиб бўлинг! Интилиш, изланиш ва янгилик яратишдан асло чарчаманг!», — таъкидлади у.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.