Италия бош вазири май охирида Ўзбекистонга келади

Италия бош вазири май охирида Ўзбекистонга келади

Италия бош вазири Жоржа Мелони 28−29 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради, дея хабар қилди Италия ҳукумати матбуот хизмати. Музокара ва учрашувлар Самарқандда бўлиб ўтади.

Жоржа Мелонининг Ўзбекистонга расмий ташрифи 25−26 апрель кунларига режалаштирилганди. Кейин у Остона (Қозоғистон) да бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё — Италия» биринчи саммитида иштирок этиши керак эди.

21 апрель куни Рим папаси Францискнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташрифлар қолдирилган.

Жоржа Мелони 2024 йил август ойида Хитойдан келаётиб Тошкентда қисқа муддатли тўхташни амалга оширганди. Ўшанда у билан Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов учрашганди.

2023 йил июнь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италияга ташриф буюрганди, у ерда стратегик шериклик тўғрисидаги декларация ва умумий қиймати 9 миллиард евродан ортиқ бўлган битимлар имзоланган.

Бунга жавобан Италия президенти Сержо Маттарелла 2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, Тошкент, Самарқанд ва Хивага борган. Шунингдек, у Тошкентдаги Турин политехника университетига ташриф буюриб, таълим соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаганди.

2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 438 миллион долларни ташкил этди, шундан Ўзбекистон экспорти — 44,6 миллион доллар, импорти — 393,4 миллион доллар.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.