БМТТД администраторининг ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюрди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури администраторининг ўринбосари Хаолян Сю Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлди. Тошкентда бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар чоғида у БМТТДнинг Ўзбекистонда инклюзив ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашдаги иштироки ва ҳукумати билан узоқ муддатли ҳамкорликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлади, дея хабар қилди идора матбуот хизмати.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ва Тадбиркор аёллар кенгаши раиси Нозима Давлетова билан ўтказилган музокараларда қуйидаги тўртта устувор йўналишда ҳамкорликни чуқурлаштириш йўллари муҳокама қилинди:
- яшил иш ўринлари яратишга урғу берилган ҳолда иш ўринларини кўпайтириш ва камбағалликни камайтириш, шунингдек, рақамли трансформация орқали чекка ҳудудлардаги ёшлар ва аёлларнинг инсон капиталини ривожлантириш;
- биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига мослашув ва яшил ўсишни таъминлаш, хусусан, Оролбўйи каби заиф ҳудудларда мослашув чораларини тадбиқ этиш;
- аёллар ва эркаклар тенглиги, хусусан, Ўзбекистонда парламентда аёллар учун 40 фоизлик квота белгиланиши билан боғлиқ муҳим ютуқларни қўллаб-қувватлаш;
- БМТТД томонидан миллий ва маҳаллий даражада коррупцияга қарши тизимларини мустаҳкамлаш ва бу соҳага тегишли ташаббусларни жадаллаштириш ҳамда парламент салоҳиятини қонун чиқариш ва назорат функцияларини амалга оширишда кучайтиришга қаратилган техник ёрдамга асосланган бошқарув ислоҳотларини қувватлашда давом этиш.
«Ўзбекистон эришган ютуқларни эътироф этамиз ва тенгсизликка барҳам бериш, ёшлар ва аёлларни салоҳиятини кучайтириш, барча ҳудудларда барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни тезлаштиришга тайёрмиз», — деди Хаолян Сю.
Шунингдек, у БМТТД кўмагида амалга оширилаётган аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган ўқув лойиҳаси ва жойларда ташаббуслар қандай ишлаётгани билан танишди.
Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт дастури 1993 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозирда мамлакатда умумий қиймати 163 млн доллардан ортиқ бўлган 43 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар давлат хизматлари сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, хотин-қизларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш ва бошқа соҳаларни қамраб олган.