2016−2017 йилларда Марказий Осиёда ҳарбий тўқнашув ҳам турган гап эди — Абдулазиз Камилов

2016−2017 йилларда Марказий Осиёда ҳарбий тўқнашув ҳам турган гап эди — Абдулазиз Камилов

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар кейинги етти-саккиз йилда сиёсий ирода ва олий даражадаги мулоқотлар туфайли сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов Ishonch.uz сайтига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Бугун жуда таҳликали воқеаларнинг, инқирозларнинг, тўқнашувларнинг оқибатини олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган дунёда яшаяпмиз. Мана, яқин орада ҳаммамиз гувоҳ бўлдик, қўшни минтақада, Жанубий Осиёда, Ҳиндистон ва Покистон орасида алоқалар қанчалик кескинлашиб кетиб, ҳатто кузатувчилар савол берди: бу иккита давлат, ҳозир катта уруш бошланиб кетса, ядро қуролини ишлатадими-йўқми? Бу — жуда хавфли ҳодиса», — деди Камилов.

У яхши қўшничилик муносабатларининг аҳамияти ҳақида гапираркан, нафақат алоқаларни мустаҳкамлаш, балки юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларнинг олдини олишга тайёр бўлиш зарурлигини таъкидлади.

«Масалан, Яқин Шарқдаги вазиятни олсак — қанча музокаралар, учрашувлар бўлди, халқаро майдонда қанча давлатлар иштирок этди, лекин шунга қарамай, ҳар куни ўнлаб, юзлаб одамлар вафот этяпти», — деди у.

«Узоққа бормасдан, собиқ Совет Иттифоқи заминини олсак, Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳеч қандай бунақа ҳарбий тўқнашув бўлгани йўқ. Бугун эса замонавий қуролларнинг ҳаммаси ишлатиляпти, ҳар ҳафта минг-минг одамлар ўлиб кетяпти. Бир савол туғилади: бу тўқнашув, низолар, қарама-қаршиликлар кўпинча кимларнинг орасида содир бўляпти? Аксарияти — қўшни давлатлар орасида», — деди Камилов.

У яқин ўтмишни эсларкан, Марказий Осиёдаги вазият қандай бўлганини хотирлади: «2016−2017 йилларда бизнинг қўшни давлатлар билан алоқаларимиз шундай кескинлашиб кетдики, бир хавфли нуқтага тақалдик. Агар мана шу вазият ўша шаклда давом этганида, ҳарбий тўқнашув ҳам турган гап эди».

2016−2017 йилларда Марказий Осиёда ҳарбий тўқнашув ҳам турган гап эди — Абдулазиз Камилов
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Камиловнинг сўзларига кўра, айнан шу хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда президент Шавкат Мирзиёев ўз раҳбарлигининг биринчи кунлариданоқ Марказий Осиёни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаган.

«Нега деганда, кўплаб мана шундай муаммолар йиғилиб қолди. Бунга қўшимча, ўзимиз ҳам ўз қўлимиз билан бошқа муаммоларни, очиқ айтиш керак, яратдик. Агар булар ҳал бўлмаганида, кескинлашиб кетганида, жуда бир ёмон оқибатга олиб келарди», — деди президентнинг махсус вакили.

2016−2017 йилларда Марказий Осиёда ҳарбий тўқнашув ҳам турган гап эди — Абдулазиз Камилов
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

2017 йилда Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеяси минбаридан туриб Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказишни таклиф қилганди. Ушбу ташаббус минтақадаги барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган.

«Охирги олти-етти йил ичида биз кўплаб мураккаб ва нозик масалаларни ҳал қила олдик. Олтита саммит ўтказилди, еттинчисини Тошкентда [август ойида] ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Бу янги даврнинг бошланиши — Марказий Осиё минтақамиз халқаро майдонда ҳуқуқий субъект бўлиб ўзини намойиш қилмоқда», — деди собиқ ТИВ раҳбари.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.