Ўзбекистонда вазирликларга юқоридан кўрсатма кутмасдан қарор қабул қилишга рухсат берилади

Ўзбекистонда вазирликларга юқоридан кўрсатма кутмасдан қарор қабул қилишга рухсат берилади

Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни ислоҳотларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда раҳбарларнинг ташаббускорлиги, масъулияти ва ваколатларини янада ошириш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасида кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилинаётгани, уларни ишлаб чиқиш ва ижро этишда вазирлик ва идораларнинг роли пастлигини билдирди.

«Демак, [уларнинг] масъулияти ҳам паст бўлади», — деди Тошқулов.

Президент фармонига кўра, ўз соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи вазирлик ва идораларга идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи берилади.

«Вазирлик ва идораларнинг масъулияти ўзининг бириктирилган соҳаси бўйича ошириляпти. Яъни уларга ҳукумат қарори, президент қарорини кутмасдан туриб, ўзининг соҳаси учун қарор қабул қилиш ваколати бериляпти. Бу ҳукуматнинг 30 фоиз ишини енгиллаштиради», — деди вазир.

Тошқуловнинг сўзларига кўра, ваколатлар тақсимланадиган аниқ йўналишлар белгиланиб бўлинган. «Вазирлар қайси соҳада қарорни ўзлари қабул қилади, қайси соҳада ҳукумат қабул қилади, қайси соҳада қонунлар билан қабул қилади. Бу, ўз навбатида, ўша вазирларнинг ўз йўналиши бўйича сиёсатни ривожлантиришга хизмат қилади», — дея хулоса қилди Адлия вазирлиги раҳбари.

Бундай ҳужжатларни қабул қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, муддатларини эса икки баравар қисқартириш режалаштирилмоқда.

Июль ойи ўрталарида президент матбуот хизмати вазирлик ва идоралар қарор қабул қилишда кўпроқ мустақилликка эга бўлиши ҳақида хабар берганди. Давлат органлари соҳаларни тартибга солиш бўйича ўз ваколатлари доирасида норматив ҳужжатларни ортиқча бюрократиясиз қабул қилишлари мумкин бўлади. Ўшанда Адлия вазирлиги ҳужжатларни таҳрирлаш ва халқаро стандартларга мос келадиган нормаларни киритишга рухсат бериши таъкидланганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.