Намойишлар туфайли Непалдаги ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди

Намойишлар туфайли Непалдаги ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси Непалда бўлиб турган ватандошларга огоҳлантириш билан чиқди.

Шахсий хавфсизлигингизни таъминлаш мақсадида Непал ҳукумати кўрсатмаларига амал қилишга, хусусан, одам гавжум жойлардан йироқда бўлиш, намойиш ўтказилаётган ҳудудларга яқинлашмаслик, маҳаллий тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш тавсия этилади, дейилади дипломатик миссия хабарида.

Фавқулодда вазиятларда Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси консуллик бўлимининг +91 94994 85962 рақамига мурожаат қилиш мумкин, Telegram ва WhatsApp ҳам шу рақамда. Мурожаатлар 24/7 режимда қабул қилинади.

Непалдаги тартибсизликлар


Ўтган ҳафта расмийлар мамлакатдаги кўплаб ижтимоий тармоқларни давлат органларида рўйхатдан ўтмаганини айтиб, блоклаб қўйганди. Facebook ва YouTube каби 26 та платформа тақиққа учраган.

Бунга жавобан 8 сентябрь куни минглаб норози ёшлар Катманду ва бошқа шаҳарлар кўчаларига чиқди. Улар ижтимоий тармоқларга киришнинг тақиқланиши ва мамлакатдаги коррупцияга қарши чиқди. Ташкилотчилар «Z авлод намойишлари» деб атаган норозилик намойишлари мамлакатда сўнгги ўнйилликлардаги энг йирик намойиш бўлди.

Оммавий норозиликлар фонида ҳукумат ижтимоий тармоқларни блоклашни бекор қилди. Непал бош вазири ўз истеъфосини эълон қилди, яна уч вазир лавозимидан кетди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ўлимлар сони 22 тага кўтарилган. Қурбонларнинг аксарияти хавфсизлик кучлари жанговар ўқ-дорилар, резина ўқлар ва сув пуркагичлардан ўқ узганидан кейин ҳалок бўлган. Намойишчиларнинг кўпчилигини мактаб ўқувчилари ва талабалар.

Цензура ва иқтисодий муаммолар туфайли тартибсизликлар давом этаркан, намойишчилар ҳукумат бинолари ва сиёсатчиларнинг уйларига ўт қўймоқда ва комендантлик соатига қарши чиқмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.