Ўзбекистон ТИВ «57 та ҳарбий вертолёт» Афғонистонга қайтарилиши ҳақидаги хабарларни рад этди

Ўзбекистон ТИВ «57 та ҳарбий вертолёт» Афғонистонга қайтарилиши ҳақидаги хабарларни рад этди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурханов Gazeta’га берган изоҳида афғон матбуотида мамлакат Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Tashqi ishlar vaziri matbuot kotibi bu kabi xabarlarni haqiqatga to’g’ri kelmasligini ta’kdlab, rad etdi. Uning so’zlariga ko’ra, O’zbekiston pozitsiyasi o’zgarishsiz qolgan, bu yangiliklar — fake news»

«Бу каби хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўзбекистон позицияси ўзгаришсиз қолган, бу янгиликлар — fake news (ёлғон ахборот — таҳр.)», — деди у.

8 сентябрь куни Afghanistan International манбаларга таяниб, «яқин кунларда Ўзбекистон Афғонистонга 2021 йилда аввалги режим қулаши пайтида мамлакатдан олиб чиқилган 57 та ҳарбий вертолётини қайтариши мумкинлиги» ҳақида хабар берди. Бироқ шу пайтгача фақат 46 та ҳарбий самолёт ва вертолёт муҳокама қилинганди.

11 сентябрь куни The Kabul Times нашри Афғонистон муваққат ҳукуматининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳидга таяниб, Ўзбекистон Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлганини ёзди.

«57 та ҳарбий вертолётнинг топширилиши тез орада амалга ошиши кутилмоқда ва Афғонистон ҳаво кучларини қайта қуриш, шунингдек, икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади», — дея Мужоҳид сўзларини келтиради нашр.

Масала тарихи


АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий кампания доирасида Афғонистон ҳукуматини кўп сонли самолёт ва вертолётлар билан таъминлаган. 2021 йил август ойида Толибон Кобулни эгаллаб олган кунларда 585 нафар қуролли афғон ҳарбий хизматчилар бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH — 60 Black Hawk, MD — 530, PC — 12 ва Ми — 17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудига кирган. Ўша йилнинг сентябрь ва ноябрь ойларида учувчилар БААга, сўнгра АҚШга олиб кетилган.

Афғонистон муваққат ҳукумати авиатехникалар Афғонистон мулки эканини бир неча бор таъкидлаган. Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки эканини ва уларни қайтариб бўлмаслигини айтган.

2022 йил сентябрида Politico нашри АҚШ ҳукумати «чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни чуқурлаштириш» саъй-ҳаракатлари доирасида Афғонистондан олиб ўтилган ҳарбий самолётлар ва вертолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга бериши мумкинлигини хабар қилди.

2024 йил август ойида АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник авиатехникалар Ўзбекистонга ўтказилаётганини хабар қилиб, «ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган»ини эслатганди. «Улар америкаликларники эди. Улар (афғон армияси — таҳр.) ундан фойдаланди, лекин биз ҳамиша эгаси бўлганмиз», — деганди дипломат.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги авиатехникаларнинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.