Ўзбекистон президенти Қатар амири билан суҳбатда Исроилнинг Доҳага зарбаларини қоралади

Ўзбекистон президенти Қатар амири билан суҳбатда Исроилнинг Доҳага зарбаларини қоралади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот аввалида Шавкат Мирзиёев «яқинда Исроил томонидан Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига уюштирилган ракета зарбаларини кескин қоралади», дейилади хабарда.

Унинг таъкидлашича, «Қатар мустақиллиги ва суверенитетини бузадиган, унинг хавфсизлигига таҳдид соладиган бундай номақбул хатти-ҳаракатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми, халқаро ҳуқуқнинг асосий қоида ва тамойилларига зид».

Президент Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай шаклига ва Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кескинлашишига олиб келадиган қадамларга қарши эканини таъкидлади.

Томонлар Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг турли соҳалардаги масалаларини муҳокама қилди. Шавкат Мирзиёев Қатар ташаббуси билан чақирилган фавқулодда араб-ислом саммити муваффақиятли ўтишини тилади.

Қатар амири кўрсатилган бирдамлик ва қўллаб-қувватлаш учун чуқур миннатдорлик билдирди, дейилади баёнотда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.