Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф дастурига мувофиқ, Европа Иттифоқи пойтахтида ушбу бирлашманинг асосий институтлари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Кўп қиррали муносабатларни жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ривожлантириш ва кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
«Савдо-иқтисодиёт, инвестиция-молия, инновация, энергетика, транспорт-коммуникация, фан-таълим ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик бўйича аниқ лойиҳа ҳамда дастурларни илгари суриш эътибор марказида бўлади», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши кўзда тутилган.
Ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси Бельгия раҳбарияти билан учрашув ўтказади, технологик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма режаларни жадаллаштириш мақсадида Европанинг етакчи компания ва банклари раҳбарларини қабул қилади.
Аввалроқ ташриф ҳақида маълум қилган Европа кенгаши президенти Антониу Кошта Мирзиёевга йўллаган мактубида «Бизнинг шериклигимиз, шубҳасиз, янги босқичга кўтарилди, барча соҳаларда, шу жумладан, сизнинг етакчилигингиз остида сермаҳсул ва кўп қиррали ҳамкорлик билан ажралиб туради», — деганди.
Эслатиб ўтамиз, август ойи ўрталарида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон яқин ойларда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни имзолаш ниятида эканини маълум қилганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.