Ўзбекистонда 2026 йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 2026 йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни маҳаллаларда аҳоли даромадини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар ва 2026 йилдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда маҳаллалардаги ишларга масъул бўлган вилоят, туман ҳокимлари ва улар ходимларининг моддий ва техник имкониятлари тубдан яхшиланган. Мирзиёев раҳбарларни ўз самарадорлигига танқидий баҳо беришга чақирди.

«Энди вазирлар, ҳокимлар, раҳбарлар ўзига савол берсин: шунча яратилган шароитдан, имкониятдан қай даражада фойдаланяпти? Нима натижа қиляпти? Ислоҳотларимиз натижаси ҳар бир оилага, ҳар бир хонадонга кириб боряптими? Одамлар буни қандай ҳис қиляпти? Бундай саволлар кўп. Барча раҳбарлар тайёр турсин. Йил тугаяпти, бугун натижаларни таҳлил қилиб, айримларга нисбатан хулоса қиламан», — деди давлат раҳбари.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушди (ўтган йили 5,5 фоиз бўлган). Айниқса, Бухоро, Когон, Навоий, Зарафшон, Ғозғон, Самарқанд, Ширин шаҳарларида ишсизлик 4 фоиздан пасайиб, илк бор «табиий ишсизлик» даражасига яқинлашди.

Эҳтиёжманд 302 минг оила камбағалликдан чиқди. Йил якунигача камбағаллик даражаси 6 фоизгача камайиши кутилмоқда (ўтган йили 8,9 фоиз бўлган). Илк бор 1435 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айланди.

Президент Узун туманини намунавий ҳудудлардан бири сифатида қайд этди. 51 та маҳалласи бўлган туманга жорий йил камбағалликни қисқартириш ва бандлик дастурлари доирасида 160 миллиард сўм маблағ берилган. Туманга 70 миллион доллар хорижий инвестиция олиб келинди, 47 та корхона ишга туширилди, 300 та сервис объектида 1 минг нафар одам ишли бўлди, 9 та маҳалла узумчиликка ихтисослаштирилиб, тадбиркор билан аҳоли ўртасида кооперация йўлга қўйилди, 2 мингдан зиёд микролойиҳада 4200 нафар одам даромадли бўлди. Шуларнинг ҳисобига Узун туманида йил бошидан камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайди.

Ўзбекистонда 2026 йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш режалаштирилмоқда
Шу билан бирга, Узун туманига нисбатан 4,5 баробар кўп маблағ олган Денов тумани ҳокимлиги ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани кўрсатиб ўтилди. Камбағал оилалар реестрига кирганидан буён 1200 та оила даромадида ўзгариш бўлмаган.

Ёки Чироқчи туманига жорий йил маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитга 309 миллиард сўм ресурс берилган. Лекин туман ҳокимлиги шунча ресурси билан ҳам одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бермаган.

Шавкат Мирзиёев Денов тумани ҳокими Илҳом Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш.Тўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов, унинг биринчи ўринбосари З.Эргашевни ишдан олишни буюрди.

Давлат раҳбари 20 та туман ҳокимлари бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётганини кўрсатиб ўтди. Бош вазирга Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ, Когон туманлари ҳокимларига нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўриш топширилди.

Шунингдек, давлатнинг арзон ресурсини самарасиз лойиҳаларга бериб юбораётган маҳалла банкирлари фаолияти танқид қилинди. Мутасаддиларга маҳаллаларга тушиб, лойиҳалар самарадорлигини ўрганиш, соҳада назорат ва интизомни кучайтириш топширилди.

Умуман, камбағалликни қисқартириш ва бандлик режаларини бажаришдаги масъулиятсизлик учун йил бошидан 261 нафар масъул ишдан олинган, яна 492 нафарига интизомий жазо берилган.

2026 йил учун режалар


Ўзбекистонда 2026 йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш режалаштирилмоқда
Президент келгуси йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш мутасаддиларнинг асосий вазифаси бўлишини қайд этди. 2026 йилда иқтисодиётга 450 триллион сўм кредит ажратилиши, 140 триллион сўми маҳалладаги кичик ва ўрта лойиҳалар учун берилиши белгиланди.

«Эҳтиёжманд оилаларнинг энг оғир қатлами қолди. Бундай 400 минг оилани камбағалликдан чиқариш учун вилоят, туман ҳокимининг биринчи ўринбосарлари, бандлик, банк раҳбарлари, „маҳалла еттилиги“ ўзини дунёқараши ва иш услубини ўзгартириши керак», — деди давлат раҳбари.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.