«Маросим чоғида Греция президенти Константинос Тасулас янги элчиларни самимий табриклаб, уларга фаолиятида муваффақият тилади. Шунингдек, элчиларнинг икки ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига умид билдирди», — дейилади хабарда.
Суҳбат чоғида Константинос Тасулас дунёда геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон раҳбариятининг мувозанатли дипломатияси минтақавий барқарорлик ва халқаро ишончни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
Греция етакчиси Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этди. Мамлакатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар яратилаётгани билдирилди.
Март ойида Абат Файзуллаев Ўзбекистоннинг Сан-Маринодаги биринчи элчиси этиб тайинланган эди. У 2023 йил ноябрь ойидан буён Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси ва Римдаги халқаро ташкилотлар (ФАО, ЖССТ, UNODC) ҳузуридаги доимий вакили ҳамда 2024 йил декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг Кипр ва Мальтадаги элчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, апрелда Тошкентда Греция элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов элчи Параскеви Тзевелекнинг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб, дипломатик миссиянинг очилишини олқишлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Греция ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 16 мартда ўрнатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.