Келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Хитой ташқи ишлар вазири Ўзбекистон етакчисига Хитой раиси Си Цзиньпиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилгани қайд этилди.
2024 йили товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етди, қўшма корхоналар сони қарийб 5 мингтани ташкил қилмоқда, йил бошидан буён Хитойдан салкам 15 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилди. Технологик шериклик лойиҳаларининг портфели 90 миллиард долларга яқинлашгани маълум қилинди.
Юқори технологиялар, «яшил» ва атом энергетикаси, сунъий интеллект, транспорт, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, геология, кимё ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни илгари суришга эътибор қаратилди.
Ўзбекистон етакчиси навбатдаги олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитиш зарурлигини таъкидлади.
«Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини фаол амалга ошириш ва уни бошқа транспорт йўлаклари билан боғлаш муҳимлиги қайд этилди.
Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш ва хавфсизлик масалаларида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кўп томонлама форматларда яқин сиёсий мулоқот ҳамда ҳамкорликни давом эттириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликка қарши курашиш, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш зарурлиги таъкидланди.
Шу йилнинг ноябрь ойи охирида Ўзбекистонда бўлажак Хитой маданияти кунларининг муваффақиятли ўтказилишига ишонч билдирилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.