ЖСТга аъзолик бўйича Россия билан музокаралар деярли якунланди, биргина Тайван қолди

ЖСТга аъзолик бўйича Россия билан музокаралар деярли якунланди, биргина Тайван қолди

Ўзбекистон Россия билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларни деярли якунлади. Бу ҳақда президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Урунов 24 ноябрь куни ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида маълум қилди.

«Биз Москвада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг ҳал қилинмаган масалалари бўйича келишувга эришиш учун Россия музокаралар гуруҳи билан жуда самарали учрашув ўтказдик. Музокаралар деярли якунланди: барча муҳим элементлар келишиб олинди ва фақат бир нечта техник бандлар якуний текширув ва тасдиқлашни талаб қилади», — дея қайд этди Азизбек Урунов.

У конструктив ёндашув учун Россия томонига миннатдорлик билдирди:

«Вазир Максим Решетников, директор Екатерина Майорова, элчи Николай Платонов ва бутун Россия жамоасига асосий сўровлар бўйича аниқ позицияси, шунингдек, бутун жараён давомида конструктив ёндашуви ва қўллаб-қувватлаши учун самимий миннатдорлик билдирмоқчиман», — деб ёзди Урунов.

Унинг сўзларига кўра, Россия билан икки томонлама музокараларнинг якуни декабрь ойида Женевада бўлиши кутилмоқда.

Россия йўналиши ёпилгандан сўнг Ўзбекистонга фақат Хитой Тайпейи билан музокараларни якунлаш қолади.

«Шундан сўнг бизда фақат Хитой Тайпейи (Тайван — таҳр.) билан икки томонлама музокараларни якунлаш қолди. Бу ҳафта мен ўз жамоам билан Вашингтонда бўлиб, ҳамкорларимиз билан учрашувлар ўтказаман ва ЖСТ доирасидаги икки томонлама ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни илгари сураман», — деди Азизбек Урунов.

Март ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Москвада Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва унинг ўринбосари Владимир Иличев билан музокаралар ўтказганди, у ерда Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши доирасида бозорларга кириш бўйича «ҳал қилинмаган масалалар» ҳам муҳокама қилинган.

Сўнгги бор 7 ноябрь куни Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида Эквадор билан икки томонлама музокараларни якунлаганди.

Ноябрь ойида, шунингдек, Канада ва Панама билан товар ва хизматлар бозорига кириш бўйича музокараларни якунлашга оид протоколлар имзоланган.

Ўзбекистон 2026 йил март ойида бўлиб ўтадиган ЖСТ вазирларининг 14-конференциясигача музокараларни якунлаб, савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишни режалаштирмоқда.

Қўшилиш жараёнининг бир қисми сифатида номзодлар ЖСТнинг манфаатдор аъзолари билан тарифлар ва хизматлар бўйича мажбуриятларни ўз ичига олган икки томонлама шартномалар тузиши шарт. Ушбу мажбуриятлар қўшилиш жараёни тугагандан сўнг ЖСТнинг барча аъзоларига нисбатан қўлланади.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни 2020 йил июль ойида бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилишида расман қайта тикланган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.