Европа комиссарлари Транскаспий йўлаги бўйича ишларни жадаллаштириш учун Ўзбекистонга келади

Европа комиссарлари Транскаспий йўлаги бўйича ишларни жадаллаштириш учун Ўзбекистонга келади

Европа ва Марказий Осиёни боғлашга қаратилган Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича ишларни фаоллаштириш мақсадида 25−27 ноябрь кунлари Европа комиссарлари Йозеф Сикела ва Марта Кос Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Транскаспий йўлаги Европа Иттифоқининг минтақадаги Global Gateway инвестиция стратегиясининг асосий ташаббуси ҳисобланади. Унинг мақсади товарларни Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги йўлни 15 кун ичида босиб ўтишдир.

Комиссарлар 27 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Транскаспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форумида иштирок этади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела 26 ноябрь куни минтақалар ўртасидаги иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашга бағишланган учинчи Марказий Осиё — Европа Иттифоқи иқтисодий форумида қатнашади.

Юқори даражадаги иккала тадбир ҳам Тошкентда бўлиб ўтади, улар Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Иттифоқи томонидан ташкил этилади.

Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссар Йозеф Сикела шундай деди: «Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик ҳозир ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам. „Марказий Осиё — Европа Иттифоқи“ биринчи саммитида Global Gateway`нинг 12 миллиард евро миқдоридаги инвестиция пакети эълон қилингани ва жорий йил бошида менинг минтақага ташрифимдан сўнг биз уни амалга оширишга киришдик. Иккита юқори даражадаги форум иккала минтақадаги давлат ва хусусий инвесторларни мажбуриятларимизни аниқ натижаларга айлантириш учун бирлаштиради: иқтисодий ўсиш, янги иш ўринларини яратиш, хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш ва барқарорликни мустаҳкамлаш».

«Ҳамкорларимиз билан аниқ келишувларга эришиш, иқтисодий ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш, Европа ва Марказий Осиёни боғлайдиган тезкор, хавфсиз ва барқарор йўл — Транскаспий транспорт йўлагини жадал ривожлантиришни интиқлик билан кутмоқдаман», — деди у.

«Йирик минтақавий ва глобал муаммолар мавжуд транспорт йўналишларига босим ўтказди. Янги инфратузилмани биргаликда барпо этиш орқали ўзимизга кўпроқ ҳаракат эркинлигини таъминлай оламиз. Вариантлар сони кўпроқ бўлса, мустақиллик ҳам кўпроқ бўлади. Хитой, Марказий Осиё, Кавказ ва Қора денгизни Европа билан боғлайдиган темирйўл ва портлар орқали контейнер ташувлари 2030 йилга бориб уч баробар ошиши, 2040 йилга бориб улар беш баробар ўсиши мумкин. Лекин инвестициялар ислоҳотларсиз келмайди. Тошкентдаги форум бу йўналишдаги қадамдир: бизга тезроқ темирйўллар ва автомагистраллар, чегараларда қисқа кутишлар, камроқ харажатлар ва камроқ қоғозбозлик керак», — деди кенгайиш масалалари бўйича комиссар Марта Кос.

Транскаспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форуми биринчи марта Европа Иттифоқи, Қора денгиз ва Марказий Осиё мамлакатларини ўзаро боғлиқлик бўйича минтақавий кун тартибини илгари суриш учун бирлаштирмоқда.

Форумда 2024 йил январь ойида Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг транспорт ўзаро боғлиқлиги бўйича биринчи тадбирдан бери эришилган ютуқлар кўриб чиқилади. Хусусий сектор билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга эътибор қаратилади.

Форум доирасида транспорт ва логистика бўйича ўзаро боғлиқликнинг «юмшоқ» ва «қаттиқ» жиҳатлари — меъёрий-ҳуқуқий базани уйғунлаштириш, инфратузилмага инвестициялар ва савдо йўлакларини рақамлаштириш бўйича тематик сессиялар ўтказилади.

Мунозаралар давомида қўшма мувофиқлаштириш минтақавий шерикликни қандай мустаҳкамлаши мумкинлиги кўриб чиқилади. Иштирокчилар қўшма инвестиция лойиҳаларининг устувор йўналишларини ҳам белгилаб олади.

Европа Иттифоқи — Марказий Осиё иқтисодий форуми икки минтақа ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган. У апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммитининг давоми бўлади.

Форум Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар, халқаро молия институтлари ва хусусий секторнинг юқори мартабали вакилларини бирлаштиради.

Форум ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, савдони ривожлантириш, қоида ва меъёрларни яқинлаштириш, инвестиция лойиҳалари ва давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш майдонига айланиши кутилмоқда. Шунингдек, у барқарор ва масъулиятли таъминот занжирларини, айниқса, муҳим хомашё билан боғлиқ занжирларни ривожлантиришга ёрдам беради.

Ташриф давомида, шунингдек, комиссарлар қатор икки томонлама ва минтақавий битимларни имзолайди, ҳамкор давлатларнинг юқори даражадаги вакиллари билан учрашувлар ўтказади.

Форумлар арафасида Gazeta Global Gateway стратегияси нима экани, унга қандай сармоялар киритилгани ва унинг Ўзбекистон учун аҳамияти ҳақида эслатиб ўтди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.