25 ноябрь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши сессиясида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди.
«Биз юртимизда инсон қадрини улуғлаш, иқтисодиётни барқарор ўстириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича катта-катта марра ва режаларни олаяпмиз. Бу ишларни ташкил қилиш учун вилоятга замонавий фикрлайдиган, муаммоларни тизимли таҳлил қилиб, инновацион ечим бера олишга салоҳиятли раҳбар керак», — деди давлат раҳбари.
Президент Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Адиз Бобоев номзодини тавсия этди.
Вилоят фаолларининг номзод ҳақидаги фикрлари тинглангач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Адиз Бобоев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
Президент янги ҳокимга у иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, таннархни камайтириш ва энергия тежамкорликни ошириш бўйича Самарқандни намунали ҳудудга айлантириши шартлигини кўрсатиб ўтди.
Адиз Бобоев 1972 йилда туғилган. У Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган (1993). Бухоро вилояти молия бошқармасида 1-тоифали иқтисодчи, монополияга қарши ва нарх сиёсати бўлими етакчи иқтисодчиси бўлиб, шунингдек, бошқа лавозимларда ишлаган (1993−2007).
Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ижроия бошқармаси даромадларни прогнозлаш бошқармаси бошлиғи (2008−2010), Давлат бюджети бош бошқармасининг жамланма бюджет даромадларини режалаштириш ва таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари (2010−2012) ва Молия вазирлиги тузилмасидаги бошқа лавозимларда ишлаган.
2024 йил январгача иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган. Ўша йил ноябригача эса Ҳисоб палатаси раиси бўлган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.