Сардор Рустамбоев Ўзбекистоннинг Бангладешдаги элчиси бўлди

Сардор Рустамбоев Ўзбекистоннинг Бангладешдаги элчиси бўлди

Ўзбекистоннинг Бангладешдаги элчиси (қароргоҳи Деҳлида) Сардор Рустамбоев мамлакат президенти Муҳаммад Шаҳобуддинга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Муҳаммад Шаҳобуддин Ўзбекистонни Бангладешнинг Марказий Осиёдаги асосий минтақавий шериги ва ишончли дўсти деб атади. Мулоқот чоғида маданий-гуманитар, хусусан, туризм ва олий таълим соҳаларидаги шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди, дейилади хабарда.

Тўқимачилик, фармацевтика ва чарм саноати каби соҳаларда шериклик учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Бангладеш томони ушбу йўналишларда тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 15 октябрда ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, Сардор Рустамбоев 2024 йилнинг 26 январида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси этиб тайинланганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.