«ТИВ ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини янгича ташкил қилиш керак» — президент

«ТИВ ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини янгича ташкил қилиш керак» — президент

Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда 15 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбари нутқининг бошида учрашув кескин геосиёсий ўзгаришлар ва давлатлар суверенитетига таҳдидлар кучайиб бораётган бир шароитда ўтаётганини таъкидлади.

«Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимизни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини янгича ташкил қилиш кераклигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда», — деди у.

Президент ташқи сиёсат борасида 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлганини қайд этди. Хусусан, ўтган йили 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Илк бор Болгария, Финляндия, Словакия, Сербия, Иордания ва Парагвай раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, «Марказий Осиё плюс» форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди. Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди. Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди.

«Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб боряпти», — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Хорижий давлатларда 2017 йилдан буён 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхонаси очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатларнинг сони эса 165 тага етган.

Давлат раҳбари йиғилишда чет элдаги элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари, улар ва Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг ойлик иш ҳақи кўпайтирилганини қайд этди.

Шу билан бирга, президент уларнинг иши самарадорлигига шубҳа билдирди.

«Лекин барча дипломатик ваколатхоналаримиз буни тўғри англаб, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга соляптими? Дипломатик фаолиятни баҳолашнинг битта ўлчови бор, у ҳам бўлса — натижа!», деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас.

«Элчи — бу инвестиция ва технологиялар олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтирадиган, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асосийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакилидир», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, эндиликда элчилар фаолият юритаётган давлатдан экспорт тушумлари, туристлар оқими, қонуний иш жойларига фуқароларимизни юбориш улар учун KPI бўлиши белгиланди.

Президент, шунингдек, иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестициялар ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Ҳисоботга кўра, икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланди. Тарихда биринчи бор ташқи савдо айланмаси 80 млрд доллардан ошиб, экспорт миқдори 33,5 млрд долларга етди. Хорижий инвестициялар ҳам кескин кўпайиб, 43 млрд доллардан ошди.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 млрд долларга кўпайган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.