Ўзбекистон Дональд Трампнинг Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилади

Ўзбекистон Дональд Трампнинг Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилади

Шавкат Мирзиёев номига АҚШ президенти Дональд Трампдан Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этиш бўйича халқаро ташаббусга қўшилиш бўйича расмий таклиф келиб тушди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу ташаббус 2025 йил 29 сентябрда эълон қилинган ва жаҳон етакчилари томонидан қўллаб-қувватланган, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2025 йил 17 ноябрдаги 2803-сонли резолюцияси билан маъқулланган Ғазодаги можарони тугатиш бўйича комплекс режага асосланади.

Ташаббуснинг асосий мақсади узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни шакллантириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлган давлатларни бирлаштиришга қаратилган янги халқаро тузилма — Тинчлик кенгашини тузишдан иборат.

Ўзбекистон Республикасига Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклиф этилди. Давлат раҳбари америкалик ҳамкасбига жавоб мактубини йўллаб, унда Ўзбекистон Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёрлигини билдирди.

Президент ўз мактубида ушбу ташаббусга Яқин Шарқдаги кўп йиллик низоларни ҳал этиш, кенг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида қаралаётганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 17 ноябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазода ўтиш маъмуриятини тузиш ва халқаро кучларни жойлаштиришни назарда тутувчи АҚШ томонидан таклиф қилинган резолюцияни маъқуллаганди.

Резолюция режанинг баъзи бандларини, жумладан, Ғазода ўтиш даври ҳукумати ва вақтинчалик Халқаро барқарорлик кучлари (ХБК) сифатида Тинчлик кенгашини тузишга рухсат беради.

Ҳужжатда айтилишича, Тинчлик кенгаши Исроилнинг асосий талаби бўлган ҲАМАС ва бошқа гуруҳларни қуролсизлантириш ва Ғазони қайта тиклашни назорат қилади. Кенгашга АҚШ президенти Дональд Трамп бошчилик қилади.

Аввалроқ Трамп кенгаш аъзолигига Россия ва Қозоғистонни ҳам таклиф қилганди.

Time ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, устав лойиҳасида Кенгашга доимий аъзолик камида 1 миллиард долларга тушиши назарда тутилган.

«Ҳар бир аъзо давлат ўз лавозимини кўпи билан уч йил давомида […] раис томонидан муддатни узайтириш имконияти билан эгаллайди. Уч йиллик аъзолик муддати Тинчлик кенгашига 1 миллиард доллардан ортиқ нақд маблағ киритадиган аъзо давлатларга нисбатан қўлланилмайди», дея таъкидланади ҳужжат лойиҳасида.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.