«Россияда шовинистик сиёсатни юритаётган ўнга яқин шахснинг Ўзбекистонга киришини тақиқлаш керак» — Алишер Қодиров

«Россияда шовинистик сиёсатни юритаётган ўнга яқин шахснинг Ўзбекистонга киришини тақиқлаш керак» — Алишер Қодиров

«Миллий тикланиш» партияси Ўзбекистон ҳақида номақбул гапирган хорижликлар рўйхатини тузиб, буни Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан муҳокама қилади. Бу ҳақда 16 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида партия раиси Алишер Қодиров таъкидлади, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Тадбирда журналистлар «персона нон грата»га оид қонунчилик нега амалда ишламаётгани бўйича изоҳ сўради.

Алишер Қодиров Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхатини шакллантириш парламент ваколатида эмаслиги, аммо унинг ўзида Россияда шовинистик сиёсатни юритаётган ўнга яқин инсонлар рўйхати борлигини қайд этди.

«Улар орасида Соловьёв, Прилепин каби ўзини тарихчи, сиёсатчи, журналист сифатида номлаб олган, лекин аслида нафақат Марказий Осиё, умуман инсониятга қарши жиноятларни тарғиб қилаётган шахслар бор. Бу инсонларни Ўзбекистонга умуман қайтиб кира олмайдиганлар рўйхатига қўшишни шахсан қўллаб-қувватлайман. Аммо бу рўйхатнинг таклиф сифатида берилиши масаланинг ечими эмас. Бу институт амалда ишлаши керак, мен ҳам худди сизлар каби эътироз билдирувчиман», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги бундай кескин масалалар билан амалда ҳам ишлаши керак. «Вазирликнинг фақатгина ноталар бериш билан боғланиб қолиши давлат раҳбарининг бевосита эътирозида акс этди», — дея қўшимча қилди партия раиси.

«Андишанинг оти қўрқоқ деган мақол бор бизда. Ўзбекистоннинг бағрикенглиги ва тинчликпарвар сиёсатини ўзича талқин қилаётган айрим кучларга энди сал кескинроқ қараш вақти келди, деб ўйлайман. Масалан, шахс сифатида Соловёвнинг баёноти провокация эканлигини айтдим ва бу Россиянинг расмий муносабати эмаслигига умид билдиргандим. Россия ТИВ ҳам бу расмий муносабат эмаслигини тасдиқлади. Лекин биз бундай баёнотларга фақатгина гап билан муносабат билдирмаслигимиз керак. Бу давлатлар орасидаги муносабатларда муҳокама қилиниши ва чоралар кўрилиши зарур, деб ҳисоблайман», — дейди у.

Депутат Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси билан стратегик шериклик тўғрисидаги шартномаси борлигини эслатиб, бундай ҳолатлар «шерикларнинг муносабатларига уйғун руҳда эмаслигини» таъкидлади. «Ўзбекистон бағрикенг ва шерикларидан садоқат, дўстлик муносабатларига уйғун ҳаракатлар кутиб қоладиган давлат», — дейди партия раиси.

Қодиров журналистларнинг Ташқи ишлар вазирлиги бу борада ҳалигача ўзини кўрсата олмагани, энди «Миллий тикланиш» партияси «персона нон грата» шахслар рўйхатини тузиб, парламентга киритиш кераклиги ҳақидаги саволига изоҳ бераркан, бу масала билан шуғулланишга ваъда беришини айтди.

«Соловёвнинг чиқишидан кейин [бундай шахслар рўйхати билан] биз шуғулланмасак, бошқа ҳеч ким шуғулланмас экан, деган хулосага келиб бўлдик ва бу билан шуғулланмоқчимиз. Рўйхатни киритиб, буни Ташқи ишлар вазирлиги билан муҳокама қиламиз. Натижаси учун эса ваъда бера олмайман. Чунки қарор масаласи бор, бироқ таклиф бериш ва ташаббус кўрсатишга ваъда бераман», — дейди Алишер Қодиров.

Соловьёв 10 январь куни эфирларидан бирида Россия, худди АҚШ Венесуэлада қилгани каби, «халқаро ҳуқуққа тупуриши» ҳамда Арманистон ва Марказий Осиё республикаларининг Россия «таъсир зонасидан» чиқиб кетишига йўл қўймаслик учун уларнинг ички ишларига куч билан аралашиш имкониятини кўриб чиқиши керак, деган фикрни билдирганди. У буни «миллий хавфсизликни таъминлаш масаласи» деб атаган.

Ўзбекистонда жамоатчилик расмийлардан қатъий муносабат билдиришни сўраб, МО давлатлари биргаликда нота бериши кераклигини таъкидлаган.

Кейинроқ, Россиялик файласуф, Россия давлат гуманитар университети ҳузуридаги И. Илин номидаги Олий сиёсий мактаб директори Александр Дугин ўз чиқишларида, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари Россия билан иттифоқ таркибига кириши керак дея таъкидлади. «Суверен Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон мавжудлигига рози бўлиш мумкин эмас. Улар ё бизнинг лагерда бўлади, ёки Ғарб ё Хитойнинг плацдармига айланади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил ноябрида Ўзбекистон ҳақида номақбул гапирган хорижликларга тақиқ қўйилиши кўзда тутилган қонунни имзолаган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ва унинг халқи шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар қилган ёхуд ҳаракатлар содир этган чет эл фуқароси мамлакат ҳудудига киритилмайди. «Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати» юритилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.