Ўзбекистонда деярли 2,5 млн хонадон рўйхатга олиб бўлинди

Ўзбекистонда деярли 2,5 млн хонадон рўйхатга олиб бўлинди

19 январь куни Шавкат Мирзиёевга аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларининг бориши ҳақида ҳисобот берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Аҳолини рўйхатга олиш жорий йилнинг 15 январидан 28 февралигача икки босқичда ўтказилмоқда. 15−31 январь кунлари давом этадиган биринчи босқичда фуқаролар онлайн иштирок этиши мумкин. Иккинчи босқичда, 4−28 февраль кунлари «маҳалла еттилиги» ходимлари уйма-уй юриб, планшетлар ёрдамида анкеталарни тўлдиришни бошлайди.

Онлайн рўйхатга олиш census.stat.uz порталида OneID тизими идентификацияси ёрдамида ўтказилмоқда. Маълумотлар геоинформацион тизим ёрдамида кузатилмоқда. Шу мақсадда мамлакат бўйлаб 7,6 миллиондан ортиқ хонадонлар ва турар жойларнинг геоманзиллари шакллантирилди, жараёнларни реал вақт режимида кузатиб бориш имконини берувчи махсус мониторинг дашбордлари ишлаб чиқилди.

«Фуқаролар томонидан тақдим этиладиган барча маълумотлар қонунчилик талабларига мувофиқ ҳимоя қилинади, шахсий маълумотлар махфий сақланади ва фақат статистик мақсадларда қўлланади», — дейилади хабарда.

Рўйхатга олишни ўтказиш учун 14 та ҳудудий ва 208 та туман ва шаҳар штаблари ташкил этилди. 60 минг нафарга яқин рўйхатга олувчи ходимлар тайёрланди. Жумладан, 54 минг нафар «маҳалла еттилиги» вакиллари, 2,6 минг захира ходимлар ҳамда 4 минг нафар ҳудудий штаб аъзолари жараёнга жалб этилди. Шунингдек, вазирлик ва идоралардан 480 нафар тренер, олий таълим муассасаларидан 3200 нафар волонтёр ўқувдан ўтказилди.

Ўзбекистонда деярли 2,5 млн хонадон рўйхатга олиб бўлинди
Жамоатчиликни хабардор қилиш учун 110 та тарғибот видеоролиги, 600 та телевизион лавҳа тайёрланди. Ижтимоий тармоқда 6,3 мингта, аҳоли гавжум жойлар ва жамоат транспортларида 23 мингдан зиёд ахборот материаллари жойлаштирилди.

Бугунги кунга қадар census.stat.uz портали орқали 2,48 млн хонадон, шунингдек, 31 мингта фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналари рўйхатга олинди.

Президент аҳолини аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини сифатли ўтказиш, маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш ва улардан қарор қабул қилиш жараёнларида кенг фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

Аввал хабар қилинганидек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш шунчаки статистик маълумотларни йиғиш воситаси эмас. Ушбу жараён орқали давлат аҳоли сони, ёши, ер майдони, чорвачилик маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги экинлари турлари ҳақида аниқ маълумот олади.

«Бу эса давлат сиёсатини тўғри белгилаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва ҳар бир ҳудуд ривожида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади», — деб таъкидлаганди Миллий статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Зойир Йўлдошев аввалроқ.

Рўйхатга олиш тугагандан сўнг, аҳолининг демографик таркиби, миграция жараёнлари, оилавий ҳолати, фаолият турлари ва даромад манбалари бўйича ягона маълумотлар базаси яратилади.

Ўзбекистонда охирги аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, Gazeta рўйхатга олиш шаклини онлайн тарзда мустақил тўлдириш бўйича кўрсатмаларни эълон қилганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.