Ўзбекистон ва Туркия ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида янги битимни имзолади

Ўзбекистон ва Туркия ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида янги битимни имзолади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида 2026 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режаси тузилди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати. Ҳужжат Ўзбекистон мудофаа вазири Шухрат Халмухамедов ва Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер томонидан имзоланди.

Қайд этилишича, 20 январь куни Яшар Гулер ва Шухрат Халмухамедов Туркия Миллий мудофаа вазирлигида яккама-якка ва делегациялар даражасида учрашувлар ўтказган. Уларда минтақавий хавфсизлик ва мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Учрашувдан сўнг икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий салоҳият ва мувофиқлаштириш масалаларига қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланди.

«Расмий маросимдан сўнг Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер Ўзбекистон билан мудофаа соҳасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилаётганини таъкидлади. Генерал-лейтенант Шухрат Халмухамедов ҳамкасбининг ушбу сўзларини тасдиқлар экан, Туркиянинг мудофаа саноати ва ҳарбий тайёргарлик тажрибаси Ўзбекистон армиясини модернизация қилиш, ҳарбий салоҳиятни ҳар жиҳатдан янада мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини қайд этди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, 2026 йилги ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириш режасидан мамлакатлар ҳарбий бўлинмаларининг қўшма машқлари, кадрлар малака алмашинуви ва техник ҳамкорлик босқичлари ўрин олган.

Шунингдек, ҳарбий тиббиёт йўналишида ҳам келишувларга эришилган. Улар икки мамлакат армиялари ўртасида ҳарбий шифокорларнинг малакасини ошириш, ҳарбий госпиталь бошқаруви ва ҳарбий-тиббий технологияларни ўрганиш, тажриба алмашиш ҳамда турли даражадаги тренингларни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар, ички ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда хавфсизлик хизматлари раҳбарлари иштирокида «4+4» механизми доирасида учрашув ўтказилди.

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ёзишича, унда икки томонлама муносабатларнинг энг долзарб мавзулари, минтақавий масалалар ва глобал жараёнлар кўриб чиқилган. Саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида яқин истиқболга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Шу куни Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг 4-йиғилишини ўтказди.

«Кенг қамровли стратегик шериклик доирасидаги барча масалаларни қамраб олдик. Савдо ва инвестициялар, энергетик хавфсизлик, минтақавий ўзаро боғлиқлик, терроризм ва бошқа трансмиллий таҳдидларга қарши кураш, меҳнат миграцияси, маданият, таълим, туризм ва бошқа йўналишларда Ўзбекистон-Туркия муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилдик», — деб ёзди Саидов.

Қайд этилишича, мазкур йиғилиш Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида ўтказилиши режалаштирилаётган Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак 4-йиғилишига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим имконият яратди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026−2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланди.

Таъкидланишича, ушбу ҳужжат икки мамлакат халқлари учун энг қулай шароитларни яратишга қаратилган жадал ҳамкорликнинг йўл харитаси бўлиб хизмат қилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.