Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокими Махмуд Холбутаев 11 йилга қамалди

Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокими Махмуд Холбутаев 11 йилга қамалди

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги мутасаддиларига оид жиноят иши юзасидан суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов.

2025 йилнинг июнь ойида тумани ҳокими Махмуд Холбутаев ҳокимлик бош мутахассиси билан бирга тадбиркордан $30 минг пора олгани учун қўлга олинганди.

Гап шундаки, ҳокимликнинг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича бўлими бош мутахассиси Н.И. қурилиш соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбарига мактаб қуриш учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уй қурилишига рухсат олиб бериш учун 30 минг доллар талаб қилган.

Сўнгра сўралган пул маблағидан 10 минг долларини олиб, туман ҳокими Махмуд Холбутаевга берган. Тадбиркордан қолган 20 минг долларни ҳам олиб, унга кўп қаватли уй қуриш учун ҳоким томонидан рухсат берилган ҳужжатларни тақдим этган.

Бош мутахассис ҳокимият биноси олдида туман раҳбари билан учрашиб, 10 минг доллар берган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг ҳукмига мувофиқ Махмуд Холбутаев Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида айбли топилди:

  • 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «б», «в», «г» бандлари;
  • 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми;
  • 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми «а» банди;
  • 229−4-моддаси (Ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а» банди.

Бош мутахассис Н.И. эса Жиноят кодексининг 28,210-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланди.

Суднинг ҳукми билан Холбутаевга 3 йил ҳокимият ва давлат бошқарув органларида мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 150 баравари миқдорида жарима жазоси ҳамда 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Н.И.га 2 йил ҳокимият ва давлат бошқарув органларида мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди.

Судланувчилар тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Олий суднинг эслатишича, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.