Ўз навбатида, лойиҳаларнинг камида 30 фоизида, яъни 400 гектарда яшил майдонлар ташкил этиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги яшил майдонларни 3 бараварга — 25 минг гектаргача ошириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил майдон даражасини эса 3 квадрат метрдан 6 квадрат метргача кўтариш режалаштирилмоқда.
Шаҳар муҳитини соғломлаштириш ва турмуш сифатини яхшилаш мақсадида яшил ҳудудларни кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган, дейилади хабарда.

Пойтахт расмийлари умумий майдони 2679 гектар бўлган 85 та қурилиш лойиҳаси таклифини кўриб чиқди. Ҳар бир лойиҳа ягона шаҳарсозлик ёндашуви, ҳудуднинг камида 30 фоизида яшил ҳудудлар барпо этиш имконияти мавжудлиги, эскирган участкаларни реновация орқали комплекс янгилаш, шунингдек, майдони 1 гектаргача бўлган ерларда зич қурилишлар амалиётидан воз кечиш асосида баҳоланди.
Кўриб чиқиш натижаларига кўра, 18 та лойиҳани амалга оширишга рухсат бериш, 12 та лойиҳани эса ер майдони, қаватлар сони ва концепциясига ўзгартириш киритган ҳолда оптималлаштириш таклиф этилди. 54 та лойиҳа концептуал жиҳатдан тўлиқ қайта кўриб чиқилиши шарт деб топилди.
Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги урбанизация жараёнларини жамоатчилик манфаатлари, соғлом шаҳар муҳити талаблари ва экологик стандартлар билан боғлиқ ҳолда ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.
У амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича инфратузилма тўловларидан (қурувчилар томонидан шаҳарга тўланадиган маблағлар) тушадиган маблағлар, биринчи навбатда, янги яшил ҳудудларни ташкил этишга, қолган қисми эса шаҳар инфратузилмаси объектларини қуришга йўналтирилиши кераклигини кўрсатиб ўтди.
Янгиҳаёт туманидаги «Янги авлод» махсус саноат зонасини кенгайтириш режалари алоҳида кўриб чиқилди.
Президент Тошкентнинг марказий қисмидан йирик саноат корхоналарини босқичма-босқич кўчириш ҳамда экологик талабларга жавоб берадиган, юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Маъқулланган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида пойтахтнинг ялпи ҳудудий маҳсулотида йилига қўшимча 1,5 млрд доллар шаклланиши, бюджетга 3,5 трлн сўм тушум тушиши ва 260 мингта иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.