«Буюк Британия учун бу муҳим минераллар, олий таълим ва „яшил“ ўсиш бўйича янги келишувлар орқали жадал ривожланаётган иқтисодиётлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, таъминот занжирларини диверсификация қилиш ва минтақа барқарорлигини ошириш учун ушбу стратегик муҳим минтақа билан шерикликни кучайтириш имкониятидир», — деб хабар берди Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати Gazeta`га.

Ўзбекистон ва Буюк Британия саммитда ҳамкорликни янги босқичга кўтаришни, айниқса, таълим соҳасида ҳамда кенг қамровли минтақавий келишувлар пакети доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни кутмоқда.
Ушбу ташаббуслар таъминот занжирларини диверсификация қилиш, инглиз тили ва академик ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда «яшил» ўтиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу, ўз навбатида, ўзбекистонлик талабалар, тадқиқотчилар ва бизнес вакиллари учун янги имкониятлар яратиш билан бирга, кўникмаларни ошириш, инвестициявий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
«Буюк Британиянинг ушбу жараёнлардаги иштироки Ўзбекистон ва бутун минтақанинг мустақиллиги, иқтисодий хавфсизлиги ва узоқ муддатли фаровонлигини қатъий қўллаб-қувватлашимизни ифодалайди. Биз фуқароларимиз, иқтисодиётларимиз ва умумий хавфсизлигимиз учун самара берадиган, келажакка йўналтирилган Буюк Британия — Ўзбекистон шериклигини чуқурлаштиришга умид қиламиз», — дейилади хабарда.
Шу йилнинг февраль ойи бошида Буюк Британиянинг Озарбайжон ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили, профессор лорд Олдердайс кўп кунлик ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.
У Тошкентда Ўзбекистон президенти, ҳукуматнинг бир қатор вакиллари ва ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказди, шунингдек, Самарқанд, Навоий ва Олмалиқ шаҳарларига, жумладан, НКМК ва ОКМКга ташриф буюрди. У Британия-Ўзбекистон инфратузилма конференциясида нутқ сўзлаб, юқори сифатли ва барқарор инфратузилма соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Британия таклифини баён этди, бу таклиф Британиянинг UK Export Finance (UKEF)и орқали молиялаштиришни ҳам ўз ичига олади.
Баҳор охирида Буюк Британия-Ўзбекистон қўшма иқтисодий қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.