Унинг таъкидлашича, Афғонистон ташқи ишлар вазири Мавлавий Амирхон Муттақий билан мулоқот конструктив ўтган.
«Суҳбат давомида Афғонистон — Покистон чегарасидаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашдик ҳамда вазминликни сақлаш ва вазиятнинг янада кескинлашувига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидладик», — деди у.
Саидов, шунингдек, томонлар «барқарорликни таъминлаш ва мавжуд хавф-хатарларни бартараф этишда мулоқот асосий восита бўлиб қолиши зарурлигини тасдиқлаганини» қўшимча қилди.
Покистон бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири, сенатор Муҳаммад Исъҳоқ Дар билан кечган телефон мулоқотида ҳам «вазминликни сақлаш ва вазиятнинг янада кескинлашувига йўл қўймаслик муҳимлиги» ҳақида гап борди.
«Мавжуд қарама-қаршиликни юмшатиш ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ўзаро ишонч ҳамда изчил мулоқотнинг аҳамияти зарурлигини алоҳида қайд этдик», — деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, 27 февраль куни Покистон «Толибон»га қарши «очиқ уруш» эълон қилганди ва Афғонистоннинг бир қанча шаҳарларига ҳаво зарбалари берганди.
Исломобод толиблар Афғонистонни «Ҳиндистон колонияси»га айлантирганини ва терроризмни «экспорт» қилишни бошлаганини даъво қилган, шунингдек, уларни Покистон ҳудудида яқинда содир этилган худкуш жангарилар ҳужумларида айблаган.
Бир кун аввал Ўзбекистон ТИВ Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара ҳудудида вазиятнинг кескинлашаётганидан чуқур хавотирдалигини билдириб, отишмаларни дарҳол тўхтатишга чақирган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.