Ўзбекистон Яқин Шарқда янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирда — ТИВ

Ўзбекистон Яқин Шарқда янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирда — ТИВ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва кенг минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирдалигини билдирди.

Мамлакат барча томонларни вазминликка даъват этмоқда.

«Нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз», дейилади ТИВ баёнотида.

Вазирлик вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

Ўзбекистон минтақавий барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашнинг изчил тарафдори эканини билдириб, вазиятнинг энг тез фурсатларда нормаллашувидан умидвор бўлиб қолишини қўшимча қилди.

  • Шанба куни эрталаб АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар берди, портлашлар Теҳрон ва яна бир қанча шаҳарларда қайд этилди. Исроил Мудофаа армияси маълумотларига кўра, ҳарбий объектлар нишонга олинган. CNN манбаларига таяниб ёзишича, Исроил ҳарбийлари ҳаво ҳужумлари давомида Эрон олий раҳбари Али Хоманаий, президент Масуд Пезешкиён ва бошқа мулозимларни йўқ қилишга уринган. Эрон раҳбариятидан бирор киши ўлдирилгани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.
  • BBC News`нинг Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига таяниб хабар беришича, қизлар мактабига қилинган ҳужум оқибатида камида 53 киши ҳалок бўлган. Исроилда эса Эрон зарбалари оқибатида 89 киши жабрлангани хабар қилинмоқда.
  • АҚШ президенти Дональд Трамп ҳарбий операцияни «кенг кўламли» деб атади ва унинг мақсади — «Эрон режими томонидан келаётган бевосита таҳдидларни бартараф этиш» эканини маълум қилди. «Бу режим ядро қуролига эга бўлмаслиги керак. Шу сабабли ўтган йили биз уларнинг ядровий объектларини бомбаладик. Биз улар билан келишишга кўп марта ҳаракат қилдик. Бироқ улар ядровий дастурини ривожлантиришда ва аллақачон Европага етиб борадиган, тез орада эса АҚШга ҳам етиши мумкин бўлган ракеталарни ишлаб чиқишда давом этди. Биз бунга йўл қўя олмаймиз», — деди у ўз мурожаатида.
  • Эрон АҚШ ва Исроилнинг ҳужумига жавобан Исроил ҳудудига зарбалар берди, шунингдек, АҚШнинг Қатар, Кувайт, БАА ва Баҳрайндаги ҳарбий базаларига ҳужум қилди. Портлашлар Доҳа, Дубай, Абу Даби, шунингдек, Ар-Риёд шаҳарларида янгради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.