Исроилдаги ўзбекистонликларга мамлакатни вақтинча тарк этиш тавсия қилинди

Исроилдаги ўзбекистонликларга мамлакатни вақтинча тарк этиш тавсия қилинди

Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятнинг кескинлашуви фонида Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси фуқаролар учун шошилинч тавсия билан чиқди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Ватандошларга ҳушёрликни сақлаш, Исроил ҳукумати томонидан белгиланган хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш ва имкон қадар кейинги кўрсатмалар олингунга қадар махсус жиҳозланган хавфсиз ҳудудларда бўлиш қатъий тавсия этилади.

Дипломатик ваколатхона расмий кўрсатмаларга диққат билан амал қилиш, заруратсиз кўчага чиқишни чеклаш ва хотиржамликни сақлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, фуқароларга вазият барқарорлашгунга қадар Исроил ҳудудини вақтинча тарк этиш тавсия қилинган. Элчихона Исроил-Миср чегарасида «Бегин» чегара ўтиш пункти тун-у кун ишлашини, шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларининг Синай яриморолига кириши учун виза талаб қилинмаслигини эслатиб ўтди.

Шунингдек, чегарадан ўтишни тезлаштириш мақсадида чегара божларини олдиндан онлайн тарзда тўлаш тавсия этилади.

Бошқа қуруқликдаги ўтиш пунктларидан фойдаланиш тавсия этилмайди, уларнинг иш вақти ўзгариши мумкинлиги сабабли, саёҳатни режалаштиришдан олдин долзарб маълумотларни аниқлаштириш зарур, дейилади хабарда.

Элчихона, шунингдек, фуқароларни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналарнинг расмий манбаларидаги янгиликларни мунтазам кузатиб боришга ҳамда Исроил хизматларининг огоҳлантиришлари ва тавсияларини инобатга олишга чақиради.

Фавқулодда вазиятларда ватандошлар қуйидагилкр орқали мурожаат қилишлари мумкин:

  • телефон рақамлари: 03−672−2466, 03−672−2371, 03−758−5075, 03−758−5076, +972 54 485 1397;
  • электро почта: il.uzembassy@mfa.uz.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.