Gazeta юзага келган эскалация муносабати билан эълон қилинган расмий баёнотларнинг асосий тезисларини тўплади.
Ўзбекистон ТИВ вазиятнинг кескин ёмонлашуви ва минтақада янги можаро юзага келганидан «чуқур хавотир» билдирди. Баёнотда вазминлик кўрсатиш ва «нафақат ҳарбий-сиёсий, балки олдиндан айтиб бўлмайдиган гуманитар оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган» қадамлардан воз кечиш зарурлиги таъкидланди.
«Вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ», — дейилади Ўзбекистон ТИВ расмий баёнотида.
Кейинроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Яқин Шарқ мамлакатларидаги ҳамкасблари билан телефон орқали боғланиб, минтақадаги вазиятни муҳокама қилди ва Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаш ҳамда бирдамлик сўзларини етказди.
Қозоғистонда мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Хавфсизлик кенгаши котиби Гизат Нурдаулетовга кучишлатар тузилмалар ва тегишли вазирликлар раҳбарлари билан биргаликда «Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви ва мамлакатимиздаги барқарор вазиятга таҳдид белгилари пайдо бўлиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган фавқулодда чора-тадбирлар режасини тақдим этишни» топширди.
Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати маълумотларига кўра, президент топшириғи билан барча кучишлатар тузилмалар аллақачон кечаю кундуз ишлаш режимига ўтказилган, ҳукуматда Ташқи ишлар вазирлиги кураторлигида махсус мониторинг гуруҳи иш бошлаган. Вилоят ҳокимларига (акимларга) Яқин Шарқда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда чора-тадбирларни кўзда тутиш топширилган.
Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА ва Саудия Арабистони етакчиларига мактуб йўллаб, унда Остонага дўст бўлган мамлакатлар суверенитети ва хавфсизлигига путур етказувчи ҳарбий ҳаракатларни қоралади.
Қирғизистон Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашувидан жиддий хавотир билдирди ва томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди, тегишли баёнотни республика ташқи сиёсат идораси матбуот хизмати тарқатди.
Душанба куни Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Адилет Орозбеков Яқин Шарқдаги ватандошлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ватанига қайтариш бўйича зудлик билан чоралар кўришни топширди.
Бишкек, шунингдек, вазият барқарорлашгунга қадар ватандошларни Эронга сафар қилишдан тийилишга чақирди. Эронда бўлиб турган мамлакат фуқароларига фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда зудлик билан Қирғизистоннинг Теҳрондаги элчихонасига мурожаат қилиш тавсия этилди.
Тожикистон ТИВ ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқиб, содир бўлаётган воқеаларни «мисли кўрилмаган эскалация» деб атади. Ташқи сиёсат идораси Душанбе эскалациянинг олдини олиш ва вазиятнинг фожиали ривожланишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ва кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш зарурлигини яна бир бор таъкидлашини қайд этди. Тожикистоннинг Эрондаги элчихонаси ўз фуқароларига мамлакатни тарк этишни тавсия қилди.
Конституцияда мустаҳкамланган доимий бетарафлик мақомига амал қилувчи Туркманистон ушбу хабар эълон қилинган вақтга қадар содир бўлган воқеалар юзасидан алоҳида баёнот бермади. Очиқ манбаларда расмий ҳукумат ва ТИВ позицияси қайд этилмаган.
Минтақа мамлакатлари президентлари ва ташқи сиёсат идораларининг расмий ресурсларида ҳам хабар эълон қилинган вақтда Али Хоманаийнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирилган хабарлар мавжуд эмас.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.