Ҳудудий яхлитлик, савдо ҳажмини 10 млрд долларгача етказиш, чегаравий ҳамкорлик. Кобулдаги илк «Афғонистон — МО маслаҳатлашув мулоқоти» қандай ўтди?

Ҳудудий яхлитлик, савдо ҳажмини 10 млрд долларгача етказиш, чегаравий ҳамкорлик. Кобулдаги илк «Афғонистон — МО маслаҳатлашув мулоқоти» қандай ўтди?

5 апрель куни Афғонистон илк бор «Афғонистон — Марказий Осиё маслаҳатлашув мулоқоти»га мезбонлик қилди, деб хабар бермоқда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги. Кобулда бўлиб ўтган ушбу тадбирда Марказий Осиёнинг бешта давлати — Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон вакиллари иштирок этди.

Бу — 2021 йилдан бери Кобулда ўтказилаётган илк шундай учрашув. Бунгача Марказий Осиё давлатлари «Толибон» вакиллари билан Остона, Тошкент ва бошқа шаҳарларда ўз учрашувларини ўтказиб келганди.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усманов, Афғонистондаги элчиси Ойбек Усмонов ва президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев қатнашди.

Ҳудудий яхлитлик, савдо ҳажмини 10 млрд долларгача етказиш, чегаравий ҳамкорлик. Кобулдаги илк «Афғонистон — МО маслаҳатлашув мулоқоти» қандай ўтди?
Чапдан ўнгга: Ойбек Усмонов, Бобур Усманов ва Исматулла Иргашев. Кадр: YouTube / Ariana News

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу мулоқот дипломатик мувофиқлаштиришни кучайтириш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий боғлиқликни илгари суриш учун кўп томонлама сиёсий механизм яратишни мақсад қилган, деб ёзмоқда маҳаллий Ariana News нашри.

«Мулоқотдан мақсад — Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсий мулоқотни кенгайтириш, иқтисодий интеграцияни рағбатлантириш ва дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашдир», — деди учрашувни очиб берган Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий. «Шунингдек, у савдо, транзит ва минтақавий боғлиқлик каби муҳим соҳаларда ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга қаратилади».

У, шунингдек, Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳозирги муносабатлар қарама-қаршилик эмас, балки имконият ва ҳамкорлик тамойилларига асосланганини таъкидлади. «Бизнинг умумий мақсадимиз — фаровонлик, барқарорлик ва тараққиётга эришиш учун минтақавий муаммоларни мувофиқлаштирилган ҳолда ҳал қилишдир», — деди у.

«Ҳудудий яхлитлигимизни ҳимоялаш ҳуқуқини ўзимизда сақлаб қоламиз»


Ташқи ишлар вазири, шунингдек, геосиёсий ўзгаришлар ва минтақавий муаммолар халқаро манзарани қайта шакллантираётган глобал жараёнларда Афғонистоннинг тутган ўрнини таъкидлаб ўтди. У Афғонистон ва Марказий Осиё ушбу қийинчиликларни, айниқса, Ғарбий Осиёдаги давом этаётган хавфсизлик динамикаси билан боғлиқ жараёнларни биргаликда енгиб ўтишлари зарурлигини қайд этди.

Покистон масаласида Муттақий Афғонистон ўз суверенитетини ҳимоя қилган ҳолда икки томонлама муаммоларни мулоқот ва дипломатия орқали ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлади. «Афғонистон ўзаро ҳурмат ва мулоқотга асосланган тинч йўл билан ҳал этиш чораларини излайди, аммо биз ўз ҳудудий яхлитлигимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳам ўзимизда сақлаб қоламиз», — дея қўшимча қилди у.

Ҳудудий яхлитлик, савдо ҳажмини 10 млрд долларгача етказиш, чегаравий ҳамкорлик. Кобулдаги илк «Афғонистон — МО маслаҳатлашув мулоқоти» қандай ўтди?
Амир Хон Муттақий. Фото: Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги

Бундан ташқари, Афғонистон ташқи сиёсатининг асосий тамойилларига тўхталар экан, Муттақий мувозанат, иқтисодий ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатлари муҳимлигини таъкидлади. У Афғонистон ташқи сиёсати минтақавий барқарорлик ва тараққиётни рағбатлантириш учун қўшнилар, айниқса, Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилганини қайд этди.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи сиёсий тадқиқотлар марказининг Глобал Жануб бўлими раҳбари Низомиддин Усмонов Покистоннинг Афғонистонга қарши эълон қилган «очиқ уруши» Марказий Осиё давлатлари чегараларида кескинликни кучайтираётгани, тўғридан тўғри ҳарбий таҳдид мавжуд бўлмаса-да, низо минтақа учун жиддий хавфларни юзага келтираётгани ҳақида Gazeta`га гапириб берганди.

«Мақсад — савдо ҳажмини 10 млрд долларгача етказиш»


Афғонистоннинг сўнгги йиллардаги эътиборга лойиқ ютуқлари қаторида у барқарор исломий бошқарув тизимининг ўрнатилиши, кенг тарқалган коррупцияга чек қўйилгани ва гиёҳванд моддалар етиштиришнинг деярли бутунлай йўқ қилинганини кўрсатиб ўтди. Шунингдек, у мамлакатнинг чет эл инвестицияларини жалб қилиш ва иқтисодий ўсишни, хусусан, Марказий Осиё билан савдо алоқалари орқали рағбатлантиришга қаратилган иқтисодий сиёсатига ҳам тўхталди.

Муттақий, шунингдек, савдо соҳасидаги рақамлар билан ўртоқлашди. 2025 йилда Афғонистоннинг Марказий Осиё билан товар айирбошлаш ҳажми тахминан 2,7 миллиард долларни ташкил этди, бу эса аввалги йилларга нисбатан сезиларли ўсишни англатади, деди у. Унинг сўзларига кўра, мақсад — келгуси 3−4 йил ичида савдо ҳажмини 10 миллиард долларгача етказишдир.

Афғонистоннинг Марказий Осиёни Жанубий ва Ғарбий Осиё билан боғловчи стратегик жойлашуви уни минтақавий савдо учун муҳим марказга айлантиради. Муҳокама қилинган асосий лойиҳалар қуйидагилардан иборат бўлди:

  • TAPI газ қувури: Ҳирот-Туркманистон чегарасида сезиларли илгарилаш кузатилмоқда, 120 км масофада қувур ётқизиш ишлари қурилишга тайёр ҳолатда.
  • CASA — 1000 энергетика лойиҳаси: Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида энергия узатиш ишларини жадаллаштириш.
  • Ложувард савдо йўли ва Олти давлат коридори: Савдони кенгайтириш учун минтақавий боғлиқликка устувор аҳамият бериш.

Муҳокама қилинган яна бир муҳим йўналиш хавфсизлик ва чегара ҳамкорлиги бўлди. Афғонистон Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан 2300 километрдан ортиқ чегарага эга.

Мулоқот давомида биргаликдаги хавфсизлик ҳаракатлари, хусусан, гиёҳванд моддалар савдоси, ноқонуний миграция ва экстремизм каби трансчегаравий таҳдидларга қарши кураш масалалари кўриб чиқилди. Афғонистон хавфсизлик кучларининг чегаралар барқарорлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақавий хавфсизликнинг асосий омили сифатида алоҳида қайд этилди.

Таклифлар


Муттақий минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун бир қанча чора-тадбирларни таклиф қилди. Улар, жумладан:
  • Афғонистон — Марказий Осиё маслаҳатлашув мулоқотини доимий равишда ўтказиш учун институционаллаштириш.
  • Амалий ҳамкорлик йўл хариталарини ишлаб чиқиш учун экспертлар конференцияларини ташкил этиш.
  • Умумий минтақавий муаммоларни ҳал қилиш учун биргаликдаги хавфсизлик тизимини яратиш.
  • Иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш.
  • Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва «Яшил Марказий Осиё» каби ташаббусларда минтақавий иштирокни кенгайтириш.

Муттақий, ўз навбатида, барча иштирокчи давлатларга мулоқотни қўллаб-қувватлаганлари ва унга содиқликлари учун миннатдорлик билдирди. У Афғонистоннинг минтақавий алоқаларга нисбатан ёндашуви прагматик ва ҳамкорликка асосланган эканини тасдиқлади ҳамда ушбу мулоқотни барқарор, фаровон ва ўзаро боғланган минтақа барпо этиш йўлидаги тарихий қадам деб атади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.