Унинг сўзларига кўра, охирги беш йил ичида икки томонлама савдо айланмаси икки баравар кўпайди ва 2025 йил якунларига кўра 13 миллиард доллардан ошди. Жорий йилнинг дастлабки икки ойида эса савдо ҳажми яна 30 фоизли ўсишни кўрсатди.
Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида 3200 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, лойиҳаларнинг умумий портфели эса салкам 44 миллиард долларга баҳоланмоқда.
«2025 йилга келиб, 5 миллиард долларга яқин Россия инвестициялари ўзлаштирилди. Ҳозирги вақтда тоғ-кон металлургияси, энергетика, кимё, аграр, тўқимачилик, электротехника ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда», — деди у.
Абдулла Арипов саноат соҳасидаги ҳамкорликка доир мисолларни келтириб ўтди:
«Шериклигимизнинг ёрқин мисолларидан бири сифатида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг учинчи мис бойитиш фабрикаси ишга туширилганини ва тўртинчи фабрикани барпо этиш ишлари бошланганини, шунингдек, Тошкент метрополитени ҳаракат таркиби янгиланаётганини айтиб ўтиш мумкин», — деб баёнот берди Ўзбекистон бош вазири.
Бундан ташқари, Россия билан ҳамкорликда Тошкент, Жиззах, Бухоро ва Навоий вилоятларида саноат парклари ривожлантирилмоқда.
Арипов энергетика соҳасига алоҳида тўхталиб, уни ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири деб атади.
«Энергетика соҳасидаги ҳамкорликни изчил равишда ошириб бормоқдамиз. Мамлакатимиздаги илк атом электр станциясини қуриш лойиҳаси ўзаро ҳамкорлигимизда янги саҳифа очди. Ўзбекистон дунёда бир майдоннинг ўзида ҳам кичик, ҳам йирик атом электр станциялари жойлашадиган биринчи давлатга айланади», — деди у.
Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасида юк ташиш ва авиақатновлар ҳажми сезиларли даражада ошган.
«Мамлакатларимиз ўртасида транспортнинг барча турларида ташиш ҳажми сезиларли даражада ўсди. Мунтазам авиарейслар сони ҳам салмоқли даражада кўпайди. Бугунги кунда парвозлар частотаси ҳафтасига 367 тага етди. Ўзбекистоннинг бошқа бирор давлат билан бундай кўрсаткичи йўқ», — деб таъкидлади Арипов.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2026 йилги ёзги мавсумда Россия авиакомпаниялари учун асосий халқаро йўналишга айланган (67 та йўналиш). 2019 йилда мамлакат Россия билан йўловчи ташишда 9-ўринда бўлган.
Унинг маълум қилишича, ўтган йили Ўзбекистонга салкам 1 миллион россиялик ташриф буюрган ва бу «рекорд кўрсаткич» ҳисобланади.
Йиғилиш якунлари бўйича қабул қилинган қўшма коммюникеда уюшган ҳолда ишга ёллаш меҳнат миграциясини тартибга солишнинг асосий воситаси сифатида қаралаётгани қайд этилди.
Томонлар ҳукуматлараро битим асосида ишчиларни жалб қилишни янада тартибли ва мувофиқлаштирилган тизимга ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Гап Ўзбекистон фуқароларининг Россияга жўнаб кетишидан олдин бир қатор процедуралардан, жумладан, фотосуратга тушиш, дактилоскопия (бармоқ изи олиш) ва киришга тақиқ бор-йўқлигини текширишдан ўтиши ҳақида бормоқда.
Учрашувда Россия Федерацияси бош вазири Михаил Мишустин Россия Ўзбекистонга табиий газ ва нефть етказиб беришни кўпайтиришни, шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштираётганини маълум қилди. Бу билан параллель равишда газ инфратузилмасини модернизация қилиш ва янги қудуқларни бурғилаш ишлари давом этмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.