Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълум қилишича, схемага Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ ходимлари, хусусий бандлик агентликлари ва бошқа шахслар жалб қилинган. Улар расмий тўловлардан ташқари, фуқаролардан Жанубий Кореяга жўнаб кетиш ва ишга жойлашишга кўмаклашиш учун қўшимча равишда 7 мингдан 12 минг долларгача пул талаб қилган.
Бироқ пул тўлаган кўплаб фуқаролар Кореяга ишга юборилмаган. Айни вақтга қадар 600 нафардан ортиқ жабрланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Тергов жараёнида бошқа фирибгарлик ҳолатлари ҳам аниқланган. Маълум бўлишича, гумонланувчилар 230 нафар шахсни Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, қарийб 580 минг доллар олган. Шунингдек, Корея ҳудудида бўлиб турган минг нафарга яқин Ўзбекистон фуқаросидан яна 5,6 миллион доллар ноқонуний ўзлаштирилгани айтилмоқда.
Ҳозирда тергов органлари етказилган зарарнинг аниқ миқдорини белгилаш ва маблағларни ундириш чораларини кўрмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Жиззах вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган эди. Унда гумонланувчи бир йигитни Жанубий Кореяга ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 65 миллион сўм талаб қилган.
Маълумот учун, сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Жанубий Корея мутасадди идоралари ноқонуний миграцияга қарши курашиш ва хорижга уюшган меҳнат миграцияси жараёнларининг шаффофлигини ошириш масалалари бўйича музокаралар ўтказиб келмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.