Кенг кўламли диний-маърифий мажмуа 7 гектардан ортиқ ҳудудда жойлашган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 5 мингдан зиёд намозхонни қабул қилиш имкониятига эга. Меъморий ансамбл таркибига тўртта 70 метрли минора, марказий уч қаватли бино, кенг намозгоҳ ва анъанавий айвонлар киради.
Қайд этилганидек, масжид меъморчилиги ислом ва шарқ меъморчилигининг энг яхши анъаналари асосида барпо этилган бўлиб, унда миллий нақшлар, муҳташам гумбазлар, баланд миноралар ва замонавий муҳандислик ечимлари уйғунлашган. Ички безакларда исломий хаттотлик ва декоратив элементлардан фойдаланилган.
Шунингдек, 4,2 гектар майдонни эгаллаган атроф ҳудудни ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ерда яшил ҳудудлар, сайр йўлаклари, дам олиш масканлари, фавворалар ва замонавий ёритиш тизими яратилган.
Таъкидланганидек, Қозоғистон халқи ва Туркистон аҳлига Ўзбекистоннинг совғаси сифатида қурилган ушбу масжид икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, маънавий яқинлик ва иттифоқчилик муносабатларининг рамзига айланди.
Ташриф якунида Қуръони карим суралари тиловат қилиниб, икки мамлакат халқларининг тинчлиги, фаровонлиги ва равнақи учун дуо қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.