Давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилишича, томонлар Ўзбекистон—Туркия стратегик шериклигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Етакчилар Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Анқарага амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорликка янги суръат бағишлагани ва мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанини таъкидладилар. Хусусан, соҳавий вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг янги тизими шакллантирилгани қайд этилди.
Шунингдек, йил бошидан буён Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро савдо ҳажми ортиб бораётгани, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони кўпайгани таъкидланди. Бундан ташқари, туркиялик компаниялар иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилган.
Аввалроқ саммит доирасида Ўзбекистон Президенти Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан ҳам музокара ўтказган бўлиб, унда икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий кун тартиби масалалари муҳокама қилинган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.