Туркий давлатлар сунъий интеллект ва рақамли тараққиёт бўйича янги ташаббуслар илгари сурди

Туркий давлатлар сунъий интеллект ва рақамли тараққиёт бўйича янги ташаббуслар илгари сурди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Турк давлатлари ташкилотининг (ТДТ) Туркистон шаҳрида “Сунъий интеллект ва рақамли тараққиёт” мавзусида ўтказилган норасмий саммитида иштирок этди.

Тадбирда Илҳом Алиев, Қасим-Жомарт Тўқаев, Садир Жапаров, Режеп Таййип Эрдоған ҳамда ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев иштирок этди.

Саммитда сўзга чиққан Ўзбекистон раҳбари турк дунёсининг интеграцияси стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, глобал муаммолар ва халқаро кескинлик шароитида ҳамкорликни тизимли равишда мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.

Президентнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Турк давлатлари ташкилоти халқаро майдондаги таъсирчан тузилмалардан бирига айланган. 2025 йилда ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион АҚШ долларидан ошгани ва ўсиш суръатлари жаҳон ўртача кўрсаткичларидан юқори экани таъкидланди.

Нутқда сунъий интеллект ва рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари Шарқ алломалари — Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбекнинг математика, астрономия ва алгоритмлар ривожига қўшган ҳиссаси замонавий рақамли технологиялар асосини ташкил этишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Президент Турк давлатлари ташкилоти доирасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини яратиш, шунингдек “Рақамли турк коридори” концепциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Бу ташаббус минтақавий маълумотлар алмашинувини яхшилашга қаратилган.

Тошкент шаҳрида халқаро технологик форум ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди. Шу билан бирга, Ислом цивилизацияси маркази имкониятларини ТЮРКСОЙ ва Турк академияси билан бирлаштириб, тарихий ва маданий маълумотларнинг ягона платформасини яратиш ғояси ҳам илгари сурилди.

Илғор ташаббуслар қаторида стартаплар ва сунъий интеллект лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, киберхавфсизлик бўйича туркий альянс ташкил этиш, божхона тизимини рақамлаштириш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда 2027 йилни туркий дунёда “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш таклифи ҳам бор.

Саммит якунида иштирокчи давлат раҳбарлари Туркистон декларациясини қабул қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.