Тадбир Абдулазиз Аккулов раҳбарлигида бўлиб ўтди. Унда илмий доира вакиллари, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда туризм бизнеси вакиллари иштирок этди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 30 апрелдаги 161-сонли қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди.
Муҳокамаларда Туризм қўмитаси раисининг стратегик режалаштириш бўйича маслаҳатчиси Ойбек Олимович Ҳакимов, ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчи Шаҳбоз Мамурович Саидханов, инфратузилмани ривожлантириш бошқармаси раҳбари Азиз Нодирович Мақсумов, шунингдек, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари, блогерлар ва тадбиркорлар қатнашди.
Тадбирда қайд этилишича, давлат раҳбари қарори туризм соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–апрель ойларида Ўзбекистонга 4 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга юқори бўлди. Туристик хизматлар экспорти ҳажми эса 1,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 40 фоизга ўсган.
Сайёҳлар оқимининг энг юқори ўсиши Хитойдан — 3,5 баравар, Малайзиядан — 2,2 баравар, Япониядан — 1,6 баравар ва АҚШдан — 1,4 бараварга ошгани қайд этилди. Шунингдек, Франция, Буюк Британия, Испания, Туркия ва Германиядан келувчилар сони ҳам кўпайган.
Матбуот анжуманида яқин вақт ичида темир йўл чипталарини харид қилиш тизимини тартибга солишга қаратилган «Sarbon» платформаси ишга туширилиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, sayohat.uz платформасида мамлакатнинг ягона миллий туристик платформаси фаолият бошлаши режалаштирилган. У туристик хизматларни бирлаштириб, 13 та вазирлик ва идора ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.
Қўмита вакиллари туризм соҳасини янада ривожлантириш рақамлаштириш, халқаро тарғибот, илмий ёндашув ва замонавий туристик инфратузилмани шакллантириш тамойиллари асосида амалга оширилишини таъкидлади.
Гўззал Алламуратова
Фото: М. Жангиров
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.