Тошкентда мусиқали театрлар форуми бўлиб ўтди

Тошкентда мусиқали театрлар форуми бўлиб ўтди

15 май куни Ўзбекистон давлат мусиқали комедия театрида III Халқаро мусиқали театрлар форуми OPERETTA.UZ очилди.

Уч кун давом этган форумда Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан ташриф буюрган театр раҳбарлари, режиссёрлар, хореографлар, дирижёрлар ҳамда артистлар мусиқали театр санъатини ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик истиқболлари ва ижодий тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Бури Ғаниев, Ўзбекистон давлат мусиқали комедия театри солистлари ва ижодкорлари халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этаётганини таъкидлаб, келгусида қўшма саҳна асарлари, маҳорат дарслари ва концерт дастурларини ташкил этиш режалаштирилаётганини билдирди.

Форумнинг биринчи кунида “Сунъий интеллект, замонавий технологиялар ва театр” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Мутахассислар рақамли технологиялар театр соҳасида ёрдамчи восита бўлиши мумкинлигини, аммо сунъий интеллект жонли саҳна ижроси ва инсон кечинмаларини алмаштира олмаслигини таъкидлади.

Тадбир доирасида давра суҳбатлари, машҳур саҳна усталари иштирокида маҳорат дарслари, воркшоплар, актёрлик маҳорати лабораториялари ҳамда “NEXT авлоди” концерт дастури ва “Учқудуққа йўл” мусиқий спектакли намойиш этилди.

Форумнинг асосий воқеаларидан бири гала-концерт бўлиб, унда Қарағанда академик мусиқали комедия театри, Беларусь давлат академик мусиқали театри, Краснодар мусиқали театри, Свердловск давлат академик мусиқали комедия театри, С. Айний номидаги Тожикистон давлат академик опера ва балет театри, Санкт-Петербург давлат мусиқали комедия театри ҳамда Ўзбекистон давлат мусиқали комедия театри солистлари иштирок этди.

Тошкентда мусиқали театрлар форуми бўлиб ўтди
Концерт дастурида машҳур оперетта, опера ва мюзикллардан ария ва дуэтлар ижро этилди.

Тожикистон давлат академик опера ва балет театри бош режиссёрининг адабий қисм бўйича ёрдамчиси Олими Зиё Олим оперетта жанри томошабинга яқин ва тушунарли эканини, шу билан бирга ижрочилардан юқори профессионал маҳорат талаб қилишини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон театрида мазкур жанрга 1934 йилдан бери мурожаат қилиб келинади ва “Аршин мол алан” спектакли ҳозиргача театр репертуаридан ўрин олган.

Форум иштирокчилари таъкидлашича, OPERETTA.UZ нафақат ижодий мулоқот майдони, балки МДҲ давлатлари театрлари ўртасида ягона маданий маконни шакллантиришга хизмат қилувчи муҳим халқаро платформага айланиб бормоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.