Лойиҳанинг дастлабки кунида ёшлар “Шайх Жалил бобо” зиёратгоҳига ташриф буюриб, ҳудуднинг экологик ва маърифий туризм учун муҳим аҳамиятга эга бўлган табиий манзаралари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш ҳамда Оролбўйининг ноёб табиий меросини тарғиб қилишга қаратилган экологик акциялар ва маърифий тадбирлар ўтказилди.
Дастур доирасида иштирокчилар Амударё туманида жойлашган машҳур тарихий ёдгорлик — Чилпиқ мажмуасига ҳам ташриф буюрди. Мазкур объект мамлакатнинг муҳим маданий мерос намуналаридан бири ҳисобланиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар орасида катта қизиқиш уйғотиб келмоқда.
Ёдгорлик ҳудудида минтақанинг тарихий-маданий ва табиий бойликларига бағишланган ёш рассомлар танлови ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар Оролбўйининг бетакрор табиати ва маданий меросини ижодий ишлар орқали акс эттирди.
Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги йилларда ички, экологик ва зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби ташаббуслар ёшларни Қорақалпоғистоннинг ноёб сайёҳлик йўналишлари билан таништириш, мамлакат бўйлаб саёҳатларга қизиқишни ошириш ҳамда экологик маданиятни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.