Тошкентда қисқа муддатли чанғ-тўзон кузатилиши мумкин

Тошкентда қисқа муддатли чанғ-тўзон кузатилиши мумкин

Махсус комиссия маълумотига кўра, 27 май куни Тошкент шаҳрида қисқа муддатли чанғ-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли бор. Бундай прогноз Жаҳон метеорология ташкилотининг Пекин ва Саудия Арабистонидаги қум ва чанғ бўронлари бўйича минтақавий марказлари ҳамда Ўзбекистон гидрометеорология хизмати маълумотлари асосида берилган.

Маълум қилинишича, ғарбдан нам ҳаво массалари кириб келишидан олдин шаҳарда чанғ кўтарилишига шароит юзага келиши мумкин. Кун давомида ўзгарувчан булутли об-ҳаво сақланиши, айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши кутилмоқда.

Шамол асосан ғарбий йўналишда сониясига 3–8 метр тезликда эсиши, айрим пайтларда эса 10–12 метргача, баъзи жойларда 15 метргача кучайиши мумкин. Шамолнинг кучайиши натижасида айрим ҳудудларда чанғ-тўзонлар юзага келиши эҳтимол қилинмоқда. Фуқароларга шамол кучайган вақтларда эҳтиёткорлик чораларига риоя қилиш тавсия этилмоқда. Айниқса, нафас йўллари касалликлари, аллергия ёки юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммолари бўлган шахсларга очиқ ҳавода узоқ вақт бўлмаслик, дераза ва эшикларни ёпиқ сақлаш ҳамда зарурат бўлганда ниқобдан фойдаланиш маслаҳат берилган.

Ҳозирда Махсус комиссия томонидан атмосфера ҳавоси ҳолати доимий мониторинг қилиниб бормоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.