1991 йил 31 март куни Грузия давлат мустақиллигини тиклаш бўйича референдум ўтказилган. Шу йилнинг 9 апрель куни умумхалқ референдуми натижаларига асосан республика Олий Кенгаши давлат мустақиллигини тиклаш тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилди. Унда 1918 йилдаги Мустақиллик акти ва 1921 йилги Конституциянинг амал қилиши тасдиқланди.
1991 йилдан буён расмий байрам сифатида нишонланиб келаётган Мустақиллик куни муносабати билан Грузияда парадлар, концертлар, кўргазмалар ва спорт тадбирлари ўтказилади. Хорижий давлатларда эса дипломатик ваколатхоналар тантанали қабул маросимлари ташкил этади.
Мазкур сана муносабати билан Грузиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Тошкент шаҳрида тантанали қабул маросими ўтказди. Тадбирда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маданият аҳли, грузин диаспораси ҳамда бизнес доиралари иштирок этди.
Ўзбекистон ҳукумати номидан тадбирда Лазиз Кудратов қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан Грузиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Давид Котария ушбу сана грузин халқининг эркинлик, давлатчилик, маданият ва миллий ўзликни сақлашга бўлган интилишининг рамзи эканини таъкидлади.
Элчи икки давлат ўртасидаги муносабатларга тўхталар экан, Грузия ва Ўзбекистонни ўзаро ҳурмат, тарихий яқинлик ва манфаатли ҳамкорликка интилиш бирлаштиришини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, савдо, транспорт, туризм, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Тадбир давомида Ўзбекистон ва Грузия халқ қўшиқлари ҳамда мусиқалари Ўзбекистон давлат симфоник оркестри томонидан ижро этилди. Оркестрга Ўзбекистон халқ артисти Камоллидин Уринбаев дирижёрлик қилди.
Шунингдек, меҳмонларга Грузия манзаралари ва миллий либосларига бағишланган фотокўргазма ҳам намойиш этилди.
Тадбир илиқ ва дўстона муҳитда ўтди.
М.ДЖАНГИРОВ, фотосурат муаллифи
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.