“Jin Jiang International Group” меҳмонхона бизнеси ва hospitality йўналишида дунёнинг энг йирик операторларидан бири ҳисобланади. Компания таркибига “Radisson”, “Campanile”, “Kyriad”, “Golden Tulip”, “Vienna Hotels”, “Metropolo” каби халқаро брендлар киради. Бугунги кунда у 17 мингдан ортиқ меҳмонхонани бошқариб келмоқда.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида халқаро бизнес-туризм, форумлар ҳамда йирик тадбирлар учун меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, хорижий инвесторларни жалб этиш ва халқаро меҳмонхона брендларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Фарғона водийси ҳудудларида ҳам замонавий меҳмонхона тармоқларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистонда 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарга бўлган юқори талаб ҳамда ушбу йўналишдаги инвестициявий салоҳият қайд этилди.
Шу билан бирга, бизнес-туризм ва халқаро тадбирларни юқори даражада ташкил этиш учун замонавий меҳмондўстлик тизимини ривожлантириш, меҳмонхона бошқарув стандартларини жорий этиш ҳамда янги лойиҳаларда илғор тажрибалардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон туризм бозорига Хитойнинг йирик инвесторларини жалб этиш ҳамда янги меҳмонхона лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.