Сўнгги йиллардаги геосиёсий ўзгаришлар фонида Тошкент ўз ташқи фаолияти кўламини сезиларли даражада кенгайтирди — аввало, иқтисодий дипломатия ҳисобига — ва минтақавий ҳамда глобал жараёнларга янада чуқурроқ интеграциялашувга алоҳида эътибор қаратди.

Сўнгги ўн йилликнинг асосий ютуғи — қарама-қаршилик ўрнига мулоқотга ва яхши қўшничиликнинг янгиланган талқинига асосланган минтақавий сиёсат бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистон онгли равишда етакчилик учун рақобат моделини қурмаяпти, аксинча, тенг ҳуқуқли шерикликка ва Марказий Осиёда минтақавий тартибни мустаҳкамлашга, етакчи жаҳон ўйинчилари ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолишга устуворлик бермоқда.
Ташқи сиёсат йўналишларини қайта кўриб чиқишнинг яна бир сабаби — хавфсизлик формуласининг ўзгаришидадир. 2012 йилдаги амалдаги концепциянинг базавий тамойиллари (ҳарбий блокларда ва хориждаги тинчликпарвар операцияларда иштирок этмаслик, хорижий базаларни жойлаштиришдан воз кечиш ва суверен тенглик) ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда. Узоқ йиллар давомида бу эҳтиёткор мувозанат Ўзбекистонга йирик куч марказлари ўртасидаги зиддиятлардан четда қолиш имконини берди. Бироқ, агар аввалги модель суверенитетни маълум даражада масофа сақлаш орқали ҳимоя қилишга таянган бўлса, янги воқелик суверенитетни фаол иштирок этиш орқали ҳимоя қилишни талаб этмоқда.
Шу тариқа, ташқи сиёсатдаги янги узоқ муддатли ёндашувлар асосий саволга жавоб бериши керак: ўзаро боғлиқлик ҳам имкониятлар, ҳам янги хатарлар манбаига айланиб бораётган дунёда Ўзбекистон ўз мустақиллиги ва рақобатбардошлигини қандай сақлаб қолиши мумкин?
Аввалги ташқи кафолатларнинг заифлашиши сабабли минтақа давлатлари тўлақонли хавфсизлик ҳамжамиятини шакллантиришдан манфаатдор. Бунда гап нафақат ҳарбий ёки сиёсий таҳдидлар ҳақида, балки санкция чекловлари, кибертаҳдидлар, логистик узилишлар, сув тақчиллиги, иқлим ўзгаришлари ва технологик қарамлик минтақа учун кам бўлмаган жиддий муаммоларга айланиб бораётгани ҳақида кетмоқда.
Шу сабабли Марказий Осиёнинг барқарорлиги кўпроқ давлатларнинг ўзлари томонидан хавфсизлик, иқтисодиёт ва ривожланиш масалаларига ягона комплекс сифатида жамоавий ёндашувларни ишлаб чиқиш қобилиятига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Бу мантиқда Афғонистон алоҳида ўрин тутади. У аста-секин фақат хавфсизлик нуқтаи назаридан қабул қилинишдан тўхтаб, кўпроқ иқтисодий омилга — транзит, савдо ва жанубий транспорт йўналишларига айланиб бормоқда. Бироқ шуни тушуниш муҳимки, яқиндаги беқарорлик энди вақтинчалик ҳолат эмас, балки доимий минтақавий воқеликдир.
Ушбу вазиятда шу нарса аёнки, Ўзбекистоннинг стратегик вазифаларидан бири минтақавий кооперацияни чуқурлаштириш ғоясини илгари суриш ҳамда умумий Марказий Осиё субъектлиги ва ўзлигини босқичма-босқич шакллантириш бўлиши мумкин. Фақатгина мувофиқлаштириш ва янада яқин интеграция шароитидагина Марказий Осиё ташқи рақобат майдонидан халқаро ҳамкорликнинг мустақил марказига айлана олади.
Шу нуқтаи назардан, Тошкент миллий манфаатларни минтақавий манфаатларга мослаштиришда асосий консолидацияловчи ролни ўйнаши мумкин.
Бу шароитда янги концептуал ёндашувлар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги масъулиятли ўрта куч ролига интилишини мустаҳкамлаши мумкин. Бу ерда гап геосиёсий амбициялар ёки етакчилик учун кураш ҳақида эмас, балки олдиндан кўра билишни таъминлаш, ишонч муҳитини қўллаб-қувватлаш, алмашинувларни рағбатлантириш ва кўп томонлама ҳамкорлик механизмларини илгари суриш қобилияти ҳақида бормоқда.
Бу борада «С5+» платформалари айниқса муҳимдир — улар умумминтақавий манфаатларни илгари суриш ва Марказий Осиёнинг халқаро субъектлигини мустаҳкамлаш воситасига айланмоқда. Бундай форматлар сони 10 тадан ошиб кетганини ҳисобга олсак, минтақа мамлакатларининг ушбу йўналиш бўйича доимий фаолият юритувчи миллий координаторлари институтини яратиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Бу йўналишнинг мантиқий давоми сифатида глобал кўп томонлама платформалардан янада фаол фойдаланиш мумкин. Масалан, Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги нафақат дипломатик мақом сифатида, балки Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий модели — кўп векторли, блокларга қўшилмаган ва дунё парчаланиб бораётган шароитда мулоқотни сақлаб қолишга йўналтирилган ёндашувни мустаҳкамлаш имконияти сифатида ҳам муҳимдир.
Ўзбекистон учун фақатгина қулай географик жойлашувидан товарларни ташиш йўналиши сифатида фойдаланишнинг ўзи кифоя қилмайди. Мамлакатда саноат ЯИМнинг 29,2 фоизини ташкил этаётган экан, уни глобал қўшилган қиймат занжирларига чуқур интеграция қилиш ва юқори технологик ишлаб чиқаришни кенгайтириш принципиал жиҳатдан муҳимдир.
Бу энди фақат иқтисодий вазифа эмас, балки миллий хавфсизлик масаласидир. Ривожланган ишлаб чиқариш базаси хомашё конъюнктурасига қарамликни камайтиради ва халқаро иқтисодий муносабатларда давлатнинг субъектлигини мустаҳкамлайди. Айнан шунинг учун ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири «транзит йўлаги» моделидан катта минтақанинг мустақил индустриал, технологик ва инвестицион ҳаби моделига ўтиш бўлиши мумкин.
Бу, айниқса, «Ўрта коридор» аҳамияти ортиб бораётгани ва глобал логистиканинг қайта шаклланаётгани фонида жуда муҳим — мазкур йўналиш орқали юк ташиш ҳажми 2030 йилга келиб уч баравар ошиши мумкин. Марказий Осиё учун тарихий имкониятлар ойнаси очилмоқда ва Ўзбекистон ушбу жараёнда етакчи позициялардан бирини эгаллашга тўлиқ қодир.
Давлатлар ўртасидаги рақобат тобора сунъий интеллект, катта ҳажмли маълумотлар, рақамли инфратузилма ва киберхавфсизлик соҳасига кўчмоқда. Шу боис Ўзбекистон учун ижтимоий платформалардан фойдаланган ҳолда рақамли дипломатияни тўлақонли ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект ва рақамли маконни тартибга солиш бўйича халқаро қоидалар ва нормаларни шакллантиришда янада фаол иштирок этиш учун янги имкониятлар очилмоқда.
Амалий жиҳатдан бу — қўшни мамлакатлар учун ўзбек финтех ва govtech ечимлари, рақамли визалар ва трансчегаравий сервислар, сунъий интеллект ва маълумотлар дипломатияси, минтақавий дата ҳаблар ва булутли инфратузилма деганидир.
Сув ва экология дипломатияси ҳам шунга яраша аҳамият касб этмоқда. Марказий Осиё учун иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги ва экотизимларнинг деградацияси аллақачон стратегик хавфсизлик масалаларига айланиб улгурган. Бундай шароитда Ўзбекистон минтақавий экологик кун тартибини илгари суриш ва иқлимий муаммолар атрофида кооперациянинг янги механизмларини шакллантиришда етакчилик қилишга даъвогарлик қила олади.
«Юмшоқ куч» масаласи ҳам алоҳида қайта англашни талаб қилади. Ўзбекистоннинг тарихий мероси, маданиятлараро мулоқот, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик анъаналари мамлакатнинг рақобатдош устунлиги бўлиб қолмоқда. Бу йўналишнинг муҳим пойдеворини креатив иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ташкил этади.
Хориждаги ватандошлар билан тизимли ишлашни янги авлод ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаш керак. Бугунги кунда ўзбек диаспорасини нафақат меҳнат ресурси, балки давлатнинг интеллектуал, илмий ва ишбилармонлик капитали сифатида кўриш зарур.

Хориждаги ўзбекистонликлар орасида йирик халқаро компаниялар ва илмий марказларга интеграциялашган тадбиркорлар, муҳандислар, олимлар ва IT мутахассислар ҳамжамияти шаклланиб улгурган. Аслида, бу мамлакатнинг табиий глобал таъсир тармоғи бўлиб, унинг салоҳияти ҳозирча тўлиқ ишлатилмаяпти. Амалда бу ғояни ўзбек профессионаллари тармоқлари, технологик диаспора, инвестиция клублари ва маданий платформалар каби моделлар орқали рўёбга чиқариш мумкин.
Шу тариқа, Ташқи сиёсат фаолияти концепциясининг муҳокама қилинаётган янги таҳрири мамлакатнинг дунёдаги илгариги адаптив моделидан стратегик позицияни эгаллашнинг проактив моделига ўтишини мустаҳкамлашга қаратилган. Гап Ўзбекистонни масъулиятли минтақавий етакчи, катта минтақанинг ишлаб чиқариш ва логистика маркази, кўп томонлама дипломатиянинг фаол иштирокчиси ва ривожланаётган дунёнинг интеллектуал овозларидан бири сифатида шакллантириш ҳақида бормоқда.
Аввалги концепциянинг базавий тамойиллари синовдан ўтган бўлса-да, бугунги кунда воситалар, таҳдидларни англаш ва ташқи сиёсий режалаштириш мантиқи ўзгариши керак. Истиқболга йўналтирилган ташқи сиёсий йўриқномалар давлатнинг умумий стратегик режалаштириш тизими билан боғлиқ бўлиши муҳим.
Шу билан бирга, янги концепцияни мафкуравий ҳужжатга айлантиришга уриниш хато бўлади. Ўзбекистонга қадриятларга асосланган ташқи сиёсат керак эмас. Унда геосиёсий қайта қуриш учун ресурслар йўқ, қолаверса, халқаро тизимнинг ўзи бугун мафкуравийликни эмас, балки изчиллик ҳамда стратегик таҳлил ва прогнозлаштириш асосида режалар туза олиш маҳоратини мукофотлайди.
Менимча, бундай ёндашувлар Ўзбекистонга нафақат янги таҳдидларга муваффақиятли жавоб қайтариш, балки жаҳон тартибидаги ўзгаришларни жадал ривожланиш ва халқаро субъектликни мустаҳкамлаш учун имкониятлар манбаига айлантиришга имкон беради.
Шуҳрат Тожиев, сиёсий фанлар доктори
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.