Қарорга кўра, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети негизида Самарқанд давлат техника университети ташкил этилади. Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали Самарқанд давлат университети таркибига қўшилади.
Самарқанд давлат педагогика институтига Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали бириктирилиб, унинг негизида Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультети ташкил этилади. Бундан ташқари, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиали Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти таркибига қўшиб олинади.
Қарор билан талабаларнинг таълим жараёнини узлуксиз давом эттириши ҳам кафолатланди. Жумладан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети талабалари ўқишни Самарқанд давлат техника университетида, ТАТУ Самарқанд филиали ҳамда СамДУ Ургут филиалининг Бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультети талабалари эса Самарқанд давлат университетида давом эттиради.
СамДУ Ургут филиалининг Педагогика ва тилларни ўқитиш факультети талабалари Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультетига ўтказилади. Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали талабалари эса Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида таҳсилни давом эттириб, ўқиш якунида мазкур таълим муассасаси дипломига эга бўлади.
Шу билан бирга, СамДУ Ургут филиалининг Бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультетида таҳсил олаётган талабалар учун ўқишни тугатгунларига қадар Самарқанд давлат педагогика институти Ургут факультети биносида таълим олиш имконияти яратилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.