Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, машҳур “Андижон полкаси” рақсининг Гиннес рекордлар китобига киритилгани муносабати билан расмий ҳужжат тақдим этилди.
Маълум қилинишича, Туркий давлатлар маданиятини ривожлантиришга қаратилган халқаро ташкилот – TURKSOY Доимий кенгашининг қарорига мувофиқ ҳар йили туркий мамлакатлар шаҳарларидан бири “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинади. Ушбу мақом шаҳарнинг тарихи, маданияти, санъати ва миллий қадриятларини халқаро майдонда кенг намойиш этиш имконини беради.
2025 йилда Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида бўлиб ўтган TURKSOY Доимий кенгашининг 42-йиғилишида Андижон шаҳри 2026 йил учун Туркий дунёнинг маданият пойтахти сифатида танланган эди.
Очилиш маросимида Туркий давлатлар ташкилоти ва TURKSOY раҳбарияти, туркий давлатлар маданият вазирлари ва расмий делегациялар иштирок этди. Тантанали концерт дастурида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг таниқли хонанда ва санъаткорлари қатнашиб, туркий халқларнинг бой маданий меросини акс эттирувчи чиқишлар намойиш этилди.
Маданият пойтахти мақоми доирасида йил давомида қатор халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Улар қаторида TURKSOY Ёзувчилар уюшмаси йиғилиши, IV халқаро театр фестивали, Туркий дунё музейлари учрашуви, маданият соҳаси экспертлари йиғини ҳамда TURKSOY Доимий кенгашининг 43-йиғилиши бор.
Шунингдек, Андижон вилоятининг туристик ва маданий салоҳиятини хорижда кенг тарғиб қилиш мақсадида қатор давлатларда махсус тақдимот тадбирлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Тадбирлар дастури доирасида бугун Марғилон шаҳридаги Бурҳониддин Марғиноний мажмуасида “Водийдан Турон садоси” номли халқаро гала-концерт ўтказилиши режалаштирилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.