Тошкентда IV халқаро «Umra Plus ва зиёрат туризми» кўргазмаси бошланди

Тошкентда IV халқаро «Umra Plus ва зиёрат туризми» кўргазмаси бошланди

Тошкент шаҳрида Туризм қўмитаси ҳамда Umra туризми ташкилотлари ассоциацияси ҳамкорлигида IV халқаро «Umra Plus ва зиёрат туризми» кўргазмаси ўз ишини бошлади. Тадбир зиёрат туризмини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган.

Кўргазмада Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Россия, Озарбайжон, Малайзия, Индонезия ва Саудия Арабистонидан 200 нафардан ортиқ туроператорлар, меҳмонхона бизнеси ҳамда транспорт компаниялари вакиллари иштирок этмоқда.

Икки кун давомида қатнашчилар B2B учрашувлари, ишбилармонлик музокаралари ва тақдимотларда иштирок этиб, зиёрат туризмини ривожлантириш истиқболлари, янги туристик маҳсулотлар яратиш ҳамда халқаро шерикликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Кўргазманинг очилиш маросимида Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С. Бобоқалонов иштирок этиб, зиёрат туризмини ривожлантириш мамлакат туризм сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири эканини таъкидлади. Қайд этилишича, мазкур тадбир миллий туристик маҳсулотларни халқаро бозорда кенг тарғиб қилиш, хорижий зиёратчилар оқимини кўпайтириш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қилади.

Кўргазма Туркия, Малайзия ва Индонезияда ўтказилган тақдимотларнинг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистон шаҳарларига саёҳатни ҳам қамраб олган «Umra+» дастурини халқаро миқёсда оммалаштириш учун янги имкониятлар яратмоқда.

Тадбир доирасида умра сафарларини Ўзбекистоннинг тарихий ва зиёрат масканлари бўйлаб саёҳатлар билан уйғунлаштирувчи янги «Umra+» йўналишларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ишбилармонлик дастури якунида маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида 100 га яқин ҳамкорлик битимини имзолаш режалаштирилган.

Кўргазма иштирокчилари учун Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташриф ҳам ташкил этилди. Томонлар ушбу мажмуани хорижлик сайёҳларга таклиф этиладиган асосий зиёрат маршрутлари таркибига киритиш бўйича келишувга эришди.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонга 5,3 миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу даврда Озарбайжондан келган сайёҳлар сони қарийб 82 фоизга, Малайзиядан икки баробардан зиёд, Индонезиядан 63 фоиздан кўпроқ, Туркиядан эса қарийб 19 фоизга ошгани қайд этилди. Бу кўрсаткичлар мамлакатнинг халқаро зиёрат ва маданий туризм маркази сифатидаги нуфузи изчил мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.