Президент Халқаро валюта жамғармаси раҳбарияти билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди

Президент Халқаро валюта жамғармаси раҳбарияти билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни мамлакатимизда бўлиб турган Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директорининг ўринбосари Бо Лини қабул қилди. Унинг ташрифи Халқаро валюта жамғармаси «Швейцария гуруҳи»нинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш доирасида амалга оширилди.

Учрашув аввалида Бо Ли давлат раҳбарига Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиеванинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Музокараларда глобал молия бозорларидаги бугунги вазият ҳамда уларнинг ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, ўтган йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси раҳбарияти билан эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар мамлакатда пул-кредит, валюта ва фискал сиёсатни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларда Халқаро валюта жамғармасининг амалий кўмаги муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этдилар.

Учрашувда макроиқтисодий сиёсат стратегиясини такомиллаштириш, рақамли тўловлар тизимини ривожлантириш, капитал ҳаракатини либераллаштириш, миллий статистика методологиясини ва давлат даромадларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, эркин валюта айирбошлаш курсини қўллаб-қувватлаш бўйича экспертлик ва техник ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон иқтисодий идоралари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини янада ривожлантириш ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.