Мбаппенинг рекорд дубли Францияни йирик ғалаба билан 1/8 финалга олиб чиқди

Мбаппенинг рекорд дубли Францияни йирик ғалаба билан 1/8 финалга олиб чиқди

Жаҳон чемпионати — 2026нинг 1/16 финал босқичида Франция миллий терма жамоаси Швецияни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақанинг кейинги босқичига йўл олди.

АҚШнинг Ист-Ратерфорд шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Франциянинг ғалабасига Килиан Мбаппенинг дубли ҳал қилувчи ҳисса қўшди. Яна бир голни Брэдли Барколя ўз ҳисобига ёздирди.

Учрашувда Майкл Олисе икки марта голли узатмани амалга оширди. Шу тариқа, унинг жаҳон чемпионатидаги ассистлари сони бештага етди ва у мазкур кўрсаткич бўйича мусобақа пешқадамига айланди.

Мбаппе эса турнирдаги голлари сонини олтитага етказиб, тўпурарлар рўйхатида Аргентина ҳужумчиси Лионель Мессига етиб олди. Шу билан бирга, француз юлдузи жаҳон чемпионатлари тарихидаги умумий голлари сонини 18 тага етказди. Бу борада рекорд ҳозирча 19 гол билан Мессига тегишли.

Бундан ташқари, Мбаппе жаҳон чемпионатлари плей-офф босқичлари тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. Унинг ҳал қилувчи босқичлардаги голлари сони энди тўққизтани ташкил этмоқда.

Франция миллий терма жамоаси 1/8 финалда Парагвайга қарши баҳс олиб боради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.