Янги қоидалар қонун расман эълон қилинганидан кейин 12 ой ўтиб кучга киради.
Ўзгартишларга кўра, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ижтимоий тармоқлардан фақат қонуний вакилларининг розилиги билан фойдаланиши мумкин бўлади. Фойдаланувчиларнинг ёшини тасдиқлаш учун банк карталари, мобил телефон рақамлари ва электрон почта манзилларидан фойдаланиш режалаштирилган.
Тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш масъулияти ижтимоий тармоқлар эгалари зиммасига юклатилади. Шу билан бирга, компанияларга ёшни тасдиқлашнинг бошқа техник усулларини ҳам қўллашга рухсат берилади.
Янги талаблар татбиқ этиладиган ижтимоий тармоқлар рўйхати ҳозирча тасдиқланмаган. Шунингдек, хорижий интернет-платформалар Озарбайжонда филиал ёки ваколатхона очиши ҳамда давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш учун алоқа марказларини ташкил этиши шарт бўлади.
Талаблар бажарилмаган тақдирда платформаларга 400 минг Озарбайжон манатигача жарима қўлланилиши мумкин. Қоидалар такроран бузилса, сервис фаолиятини мамлакат ҳудудида босқичма-босқич чеклаш чоралари кўрилади.
Аввалроқ шунга ўхшаш чекловлар Австралияда ҳам жорий этилган бўлиб, у ерда 2025 йил декабридан бошлаб белгиланган ёшдан кичик болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланган. Яна бир қатор давлатлар ҳам шундай чораларни жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.