Тбилисида Ўзбекистон–Грузия бизнес-форуми бўлиб ўтди

Тбилисида Ўзбекистон–Грузия бизнес-форуми бўлиб ўтди

1 июль куни Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон–Грузия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Грузияга сўнгги 23 йил ичидаги илк расмий ташрифи доирасида ташкил этилди.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Грузия Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили иштирок этди. Тадбирда икки мамлакатнинг қарийб 300 нафар ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди. Улар орасида эркин индустриал зоналар, банк-молия муассасалари, халқаро консалтинг компаниялари, логистика операторлари, IT, фармацевтика ва бошқа йирик компаниялар вакиллари ҳам бўлди.

Форум давомида иштирокчиларга Ўзбекистон иқтисодиётида эришилган натижалар тақдим этилди. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсгани қайд этилди. Шунингдек, томонлар ўзаро савдо ҳажмини ҳозирги 268 миллион АҚШ долларидан 1 миллиард долларгача ошириш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Музокараларда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида Ўрта коридор доирасида транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, 2027 йилгача мўлжалланган саноат кооперацияси дастурини амалга ошириш, шунингдек фармацевтика, агросаноат, энергетика, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш белгиланди.

Бизнес-форум якунида икки томонлама ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон ва Грузия ишбилармон доиралари ҳамда давлат идоралари вакиллари иштирокида B2B ва G2B форматларида учрашувлар ўтказилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.