Янги тизим орқали тадбиркорлар QR-код стикерларини масофадан туриб рўйхатдан ўтказиши, UzQR орқали амалга оширилган барча тўловлар ва транзакциялар ҳақида реал вақт режимида маълумот олиши ҳамда ҳисоботларни шакллантириши мумкин.
Марказий банк маълумотига кўра, UzQR орқали амалга оширилган тўловлар учун ягона комиссия миқдори 0,65 фоизни ташкил этади. Ушбу комиссия фақат тадбиркор ёки хизмат кўрсатувчи субъект томонидан тўланади. Харидорлардан қўшимча комиссия ундириш эса UzQR тизимининг расмий тарифларида назарда тутилмаган.
Шу билан бирга, айрим банклар ва тўлов хизматлари томонидан харидорлардан қўшимча йиғимлар олинаётгани қайд этилди. Марказий банк бу тўловлар UzQR тизимининг талаби эмаслигини, улар айрим иштирокчиларнинг мустақил қарори эканини ҳамда мазкур масала юзасидан тартибга солиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
UzQR мамлакатдаги ягона миллий QR-тўлов тизими бўлиб, исталган банк ёки тўлов иловаси орқали битта QR-коддан фойдаланиб тўлов амалга ошириш имконини беради. Тадбиркорларни тизимга улаш ва ягона QR-кодни расмийлаштириш бепул амалга оширилади.
Марказий банк таъкидлашича, UzQR учун белгиланган 0,65 фоизлик тариф амалдаги бошқа QR-тўлов хизматларида қўлланилаётган 1–3 фоизлик комиссияларга нисбатан анча паст ҳисобланади.
Тизим иштирокчиларига тезкор техник ва ахборот ёрдамини кўрсатиш мақсадида 1835 қисқа рақамли Call-марказ ҳам фаолиятини бошлади. Шунингдек, тадбиркорлар учун UzQR шахсий кабинети билан ишлаш бўйича босқичма-босқич йўриқнома ҳам тақдим этилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.