Ўзбекистон ва Грузия президентлари ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

Ўзбекистон ва Грузия президентлари ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди


Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи доирасида Грузия Президенти Михаил Кавелашвили билан музокаралари бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиб, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва гуманитар ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шавкат Мирзиёев мазкур давлат ташрифи сўнгги 23 йил ичида Грузияга амалга оширилган биринчи ташриф эканини таъкидлади. Томонлар икки мамлакат парламентлари, ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар фаоллашаётганини қайд этдилар.

Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларга етди. Қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони ортиб бормоқда, Ўзбекистонда Грузиянинг рақамли TBC Bank банки муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шунингдек, Тошкент, Тбилиси ва Батуми шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилмоқда. Жорий йил март ойида Тошкентда Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилгани ҳам алоҳида таъкидланди.

Музокаралар давомида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, жумладан, Поти ва Батуми портлари салоҳиятидан самаралироқ фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама қилинди.

Томонлар ишбилармонлик, туризм ва гуманитар алмашинувларни мустаҳкамлаш мақсадида ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Михаил Кавелашвилини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.